МДҲ мамлакатлари ўртасида илмий-техника ва инновацион ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2026-04-28 19:35:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 28 апрель куни Россия Федерацияси Савдо-саноат палатаси Конгресс марказида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг илмий-техника ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлиги бўйича Давлатлараро кенгашнинг 37-йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда МДҲ Ижроия қўмитаси, Россия Федерацияси Президенти администрацияси, тегишли вазирлик ва идоралар, ривожланиш институтлари, илмий ташкилотлар ва ишбилармон доиралар вакиллари, шунингдек, Инновацион ривожланиш агентлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳ иштирок этди.
Йиғилиш давомида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган стартапларни ривожлантиришга қаратилган МДҲ венчур платформаси концепцияси лойиҳаси муҳокама қилинди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йилда Тожикистон Республикасида ўтказилган МДҲ саммитида илгари сурилган ташаббус асосида ишлаб чиқилган бўлиб, у Ҳамдўстликка аъзо давлатлар ўртасида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, венчур молиялаштириш механизмларини ривожлантириш ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадбир якунида томонлар мазкур платформа концепциясини қабул қилиш ҳамда уни амалиётга жорий этиш бўйича истиқболдаги аниқ вазифаларни белгилаб олдилар.



