Андижон ёшлар технопаркида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ўтказилди
2026-04-23 17:10:00 / Янгиликлар

Тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Ў.Саломов иштирок этди ҳамда “InnoX” дастури қатнашчилари, ҳудуддаги ёш стартапчиларнинг инновацион ғоялари, стартап лойиҳалари ва ишланмалари билан яқиндан танишди.
Мулоқот давомида ёшларни қўллаб-қувватлаш механизмлари, мавжуд имкониятлар ҳамда стартапларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
“InnoX” дастури иштирокчилари ва ёш стартапчилар ўз лойиҳалари, таклиф ҳамда ташаббусларини тақдим этдилар. Учрашув жараёнида уларнинг муаммолари тингланиб, истиқболли лойиҳаларни ривожлантириш юзасидан зарур тавсиялар берилди.
Шунингдек, меҳмонлар технопарк ҳудудидаги Fablab прототиплаш лабораториясини кўздан кечирди. Ушбу лабораторияда Жаҳон банки томонидан олиб келинган замонавий ускуналар билан танишилиб, уларнинг ёшлар лойиҳаларини амалиётга жорий этишдаги ўрни алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, технопаркда жорий йил биринчи чорагида амалга оширган ишлар таҳлили қилинди ҳамда фаолиятни янада такомиллаштириш, стартап экотизимини ривожлантириш ҳамда ёшларнинг инновацион салоҳиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим кўрсатма ва топшириқлар берилди. Мазкур учрашув ёшлар ва раҳбарлар ўртасидаги самарали мулоқотни мустаҳкамлаш йўлида муҳим аҳамият касб этди






