МДҲ инновацион саноат форуми
2026-04-21 14:25:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 21 апрель куни “Innoprom. Markaziy Osiyo” халқаро саноат кўргазмаси доирасида Ҳамдўстлик мамлакатларининг инновацион салоҳиятини бирлаштиришга қаратилган “МДҲ инновацион саноат форуми” бўлиб ўтди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда МДҲ ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Илҳом Неъматов очиб берди.
Форумнинг “МДҲ инновацион саноати: давлатлараро ҳамкорликнинг янги модели” мавзусидаги панель сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Ўктам Саломов, МДҲ Иқтисодий ривожланиш бизнес маркази бош директори Вадим Ганин, Жаҳон халқлари ассамблеяси Бош кенгаши раиси Светлана Смирнова, Татарстон Республикаси саноат кластери бошқаруви раиси Сергей Майоров, Озарбайжоннинг Фан ва олий таълим агентлиги директори ўринбосари Нижат Асадли ҳамда Сколково жамғармаси департаменти директори Александр Окуневлар спикер сифатида қатнашдилар.
Тақдимотлар давлатлараро саноат ва инновацион сиёсатнинг устувор йўналишлари, соҳадаги барқарор ҳамкорлик механизмлари ҳамда технологиялар трансфери тизимини яратиш масалаларига бағишланди. Шунингдек, МДҲ давлатлари саноатига сунъий интеллектни жорий этиш истиқболлари ва илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқаришнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш каби мавзулар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, форум доирасида илмий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, саноат ва илм-фан ўртасидаги кооперацияни ривожлантириш юзасидан батафсил фикр алмашилди. Тадбир якунида илмий-технологик занжирларни мустаҳкамлаш мақсадида махсус қўшма ишчи гуруҳ ташкил этишга келишиб олинди.
Форумнинг якуний қисмида иштирокчилар 18 минг квадрат метрли кўргазма майдонида жой олган энг замонавий технологиялар билан танишдилар. Миллий стенд доирасида мамлакатимизнинг 400 га яқин етакчи компаниялари ўз маҳсулотлари билан қатнашмоқда.









