Ўзбекистон–Озарбайжон: илм-фан ва инновациялар соҳасида ҳамкорлик кенгаяди
2026-04-20 18:25:00 / Янгиликлар














Бугун, 20-апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлигида Озарбайжон Республикаси Илм-фан ва олий таълим давлат агентлиги раҳбарияти билан расмий учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида томонлар икки мамлакат илмий салоҳиятини ошириш ва инновацион ривожланишни жадаллаштиришга қаратилган қатор муҳим йўналишларни муҳокама қилдилар. Хусусан, инновацион тадқиқотларни рағбатлантириш мақсадида Озарбайжон–Ўзбекистон қўшма илмий лойиҳалар танловини ташкил этиш ҳамда унинг устувор йўналишларини келишиб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, тажриба алмашиш ва илғор ишланмаларни кенг тарғиб қилиш мақсадида “InnoWeek.Uz” халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида қўшма илмий конференциялар ва технологик форумлар ўтказиш имкониятлари кўриб чиқилди. Шу билан бирга, мазкур ҳафталикда Озарбайжон инновацион компаниялари ва уларнинг маҳсулотларини кенг намойиш этиш учун миллий павильон ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Учрашувда, шунингдек, икки давлат ёш олимларининг малакасини ошириш ва ўзаро тажриба алмашувини йўлга қўйиш мақсадида стажировка дастурларини амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар барча йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни жадаллаштириш, қўшма ташаббусларни изчил давом эттириш ҳамда доимий мулоқотни йўлга қўйишга тайёр эканликларини билдирдилар.
