Ўзбекистон ва Грузия технопарклари ўртасида доимий ҳамкорлик йўлга қўйилади
2026-04-20 17:05:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 20-апрель куни Инновацион ривожланиш агентлигида Грузия Иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Грузия инновациялар ва технологиялар агентлиги (GITA) раиси ўринбосари Торнике Жобава бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув икки мамлакат ўртасида илм-фан ва инновациялар соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, билим ва тажриба алмашиш бўйича қўшма дастурларни йўлга қўйиш, шунингдек инновацион ташаббуслар, инфратузилма ва экотизимлар интеграциясини ривожлантиришга қаратилди.
Музокаралар давомида томонлар Ўзбекистон ва Грузия ўртасида инновацион экотизимни ривожлантириш истиқболлари ҳамда амалий механизмларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, стартапларни қўллаб-қувватлаш йўналишида тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида “InnoWeek.Uz–2026” инновацион ғоялар халқаро ҳафталиги доирасида Грузия билан ҳамкорликда қўшма хакатон (hackathon) ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Мазкур тадбир икки давлатнинг иқтидорли ёшлари ва стартапчилари учун ўзаро тажриба алмашиш майдони бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, учрашув якунида икки мамлакат технопарклари ўртасида доимий тажриба алмашиш тизимини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги технологик алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши, шунингдек минтақавий инновацион муҳитни янада яхшилашга хизмат қилиши қайд этилди.
Маълумот учун, GITA инновацияларни рағбатлантириш, замонавий технологияларни қўллаб-қувватлаш, стартаплар рақобатбардошлигини ошириш ҳамда илм-фан ва бизнес ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича кенг ваколатларга эга. Сўнгги 10 йил давомида агентлик молиялаштириш дастурларини жорий этиб, таълим ташаббуслари, инкубация ва акселерация дастурлари ҳамда технологиялар трансфери лойиҳаларини амалга оширган, шунингдек мамлакат бўйлаб технопарклар ташкил этган.






