Ўзбекистон ва Хитой илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувга эришди
2026-04-17 11:40:00 / Янгиликлар

Хитойда Ўзбекистон–Хитой Ҳукуматлараро илмий-техник ҳамкорлик бўйича қуйи комиссиясининг еттинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Ўктам Саломов ҳамда Хитой Фан ва технологиялар вазири ўринбосари Чэнь Цзячан бошчилигидаги делегация вакиллари илмий ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Мулоқот натижасида сунъий интеллект, рақамли технологиялар, агробиотехнология, янги материаллар ва «яшил» энергия каби устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни кўпайтириш ҳамда илмий инфратузилмани биргаликда ривожлантиришга келишилди. Шунингдек, томонлар технологиялар трансфери ва уларни тижоратлаштириш тизимини йўлга қўйиш, қўшма фонд ва технопарклар ташкил этиш ҳамда ёш олимлар алмашинувини кенгайтириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олдилар.
Мазкур келишувларнинг давоми сифатида қуйи комиссиянинг навбатдаги саккизинчи йиғилишини 2028 йилда Ўзбекистонда ўтказиш белгиланди.




