Ўзбекистон - Хитой: стартаплар ва инновациялар соҳасида стратегик ҳамкорлик кучаймоқда
2026-04-16 09:45:00 / Янгиликлар

Айни дамда Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлиб турган, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Ўктам Саломов бошчилигидаги делегациямиз вакиллари “HICOOL” глобал инновация ва тадбиркорлик экотизими раҳбарияти билан расмий учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ишончли мулоқот инновация ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор экани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистонда стартап экотизимини ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида “HICOOL” модели асосида қўшма инкубация ва акселерация дастурларини йўлга қўйиш, Ўзбекистон–Хитой қўшма стартап ва инновациялар марказини ташкил этиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус венчур фондини тузиш бўйича келишувларга эришилди.
Мулоқот сўнгида хитойлик ҳамкорлар “InnoWeek.Uz–2026” халқаро инновацион ғоялар ҳафталигида иштирок этишга таклиф қилинди.
Маълумот учун, “HICOOL” платформаси 2020-йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Ҳозирга қадар у дунёнинг 167 давлатидан 34 мингдан ортиқ стартапни бирлаштирган бўлиб, лойиҳа доирасида жами 7,4 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилинган.
