Ўзбекистон ва Хитой илмий-техник ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда
2026-04-15 15:25:00 / Янгиликлар

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Ўктам Саломов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 16 апрель куни Хитой Халқ Республикасида ўтказилаётган Ўзбекистон–Хитой Ҳукуматлараро илмий-техник ҳамкорлик бўйича қуйи комиссиянинг 7-йиғилишида иштирок этмоқда.
Хизмат сафари доирасида делегация аъзолари Чунтсин университети билан олий таълим ва илмий тадқиқотлар йўналишида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Учрашув якунида архитектура ва муҳандислик соҳаларида илғор ишланмаларни жорий этиш ҳамда технологиялар трансферини йўлга қўйиш бўйича англашув меморандуми имзоланди.
Шунингдек, делегация аъзолари "Seres" (AITO) ва "Changan" автомобиль заводларида йўлга қўйилган инновацион ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда Хитой–Ўзбекистон қўшма шаҳарсозлик лабораторияси фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Мазкур тадбирлар икки давлат ўртасида илм-фан, инновациялар ва юқори технологиялар соҳасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда қўшма илмий-инновацион лойиҳаларни кенгайтиришга хизмат қилади.



