Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида инновацион таълим ва спин-офф экотизимини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди
2026-04-08 19:40:00 / Янгиликлар

Бугун Инновацион ривожланиш агентлигида Жанубий Кореянинг нуфузли Чежу Ҳалла университети (Чежу Ҳалла Университй) делегацияси вакиллари билан расмий учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад — икки мамлакат ўртасида илмий-инновацион ҳамкорликни кенгайтириш, кадрлар алмашинуви ҳамда олий таълим муассасалари қошида инновацион корхоналарни ташкил этишда Корея тажрибасини татбиқ қилиш масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Учрашувда университетлар қошида спин-офф (инновацион стартап) компанияларини ташкил қилиш ва уларни халқаро стандартлар асосида ривожлантириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилиб, Жанубий Кореянинг бу борадаги бой тажрибасини Ўзбекистон олий таълим муассасалари экотизимига интеграция қилиш бўйича келишиб олинди. Шунингдек, ўзбек талабалар учун махсус алмашинув дастурлари ҳамда ёш олимлар учун мазкур университетнинг турли хил йўналишлардаги лаборатория ва амалий зоналарида қисқа муддатли илмий стажировкаларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, ҳамкорлик доирасида технологик трансфер жараёнларини осонлаштириш учун тил ўргатиш дастурларини ҳамкорликда такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган йўналишлар бўйича қўшма "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш ва истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини кўриб чиқишга келишиб олдилар.
Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистонда университет ва саноат интеграциясини янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.



