Таълим бошқарувида рақамли тизим — келажакми ёки зарурат?
2026-04-08 17:10:00 / Янгиликлар

Кўпчилик таълим муаммоси фақат дарслик ёки контентда деб ўйлайди. Аслида эса асосий оғриқ нуқта — тизимли бошқарув ва ресурсларнинг тарқоқлигидир. www.sirdaryotalimi.uz платформаси айнан шу муаммога ечим сифатида яратилди.
Лойиҳа муаллифи — тажрибали педагог Шахриддин Холмуратов. Таълим жараёнидаги методик ресурслар тарқоқлиги, мониторинг етишмаслиги ва ота-оналар интеграцияси пастлиги платформани яратиш ғоясига асос бўлди.
Платформа нима қилади?
Ўқувчи, ўқитувчи ва ота-оналар учун ягона рақамли таълим экотизимини шакллантиради. Электрон дарслар, тест тизими, видеоконтент ва мониторинг функциялари битта платформага бирлаштирилган. Лойиҳа Инновацион ривожланиш агентлиги грант маблағлари эвазига амалга оширилмоқда. Платформани ривожлантиришда 50 дан ортиқ педагог, дастурчи ва мутахассислар жамоаси ишламоқда. Муаллиф билан бўлган суҳбат орқали лойиҳа ҳақида янада кўпроқ маълумот олишингиз мумкин.
Стартап ғояси қандай туғилган? Бу фикрга келишингизга нима сабаб бўлган ва ҳаммаси нимадан бошланган?
Ушбу лойиҳа ғояси менинг таълим соҳасидаги кўп йиллик фаолиятим давомида босқичма-босқич шаклланган. Мен дастлаб Сирдарё вилоятида физика ўқитувчиси, директор ўринбосари, директор, малака ошириш марказида масофавий таълим бўлими бошлиғи ва Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармасида Мэтодика бўлими раҳбари бўлиб ишладим. Фаолиятим давомида юзлаб мактаблар билан шуғулланишга тўғри келган. Шу жараёнда бир муаммо доимо такрорланишини кузатдим. Таълим ресурслари тарқоқ, сифатли контент етарли эмас, ота-оналар эса жараёндан четда қолмоқда.
Бу ғоянинг пайдо бўлиши 2021 йилдан бошланган. Бир куни оддий савол пайдо бўлди. Нэга бизда ҳамма учун қулай, ягона ва ишончли таълим платформаси бўлмаслиги керак? Ана шу савол ушбу стартапнинг бошланиш нуқтаси бўлди. Мен мавжуд муаммоларни алоҳида-алоҳида эмас, балки тизимли ёндашув орқали ҳал қилиш мумкинлигини англадим.
Бугунги кунда лойиҳанинг асосий фаолияти нималардан иборат? У ким учун фойдали ва асосий фойдаланувчилар ким?
Бугунги кунда лойиҳамизнинг асосий фаолияти – рақамли таълим муҳитини шакллантиришдан иборат. Биз www.sirdaryotalimi.uz платформаси орқали, сифатли электрон дарслар, видеоконтентлар, методик материаллар, тестлар ва баҳолаш тизимлари, ота-оналар учун фойдали бўлимлар яратиб, ягона тизимга жамлаймиз.
Платформа ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналар ва раҳбарлар учун мўлжалланган. Асосий мақсадимиз – таълим жараёнини қулай, шаффоф ва самарали қилиш.
Нима учун айнан шу муаммо долзарб бўлиб кўринди?
Сўнгги йилларда таълим тизимида режалар, дастурлар тез ўзгараётганини кўряпмиз.
Дарсликлар, методикалар тез-тез янгиланмоқда. Афсуски, бу жараёнларда ўқитувчи ва ота-оналар ҳар доим ҳам мослашиб улгурмаяпти. Натижада, ўқитувчилар чалкашликка тушади, ўқувчилар мустақил ишлашда қийналади, ота-оналар ёрдам бера олмайди.
Албатта бу ҳолатлар таълим сифатига салбий таъсир кучини кўрсатиши муқаррар. Шу сабабли мен бу муаммони кечиктирмасдан ҳал қилиш зарур, деб ҳисобладим.
Ғоя пайдо бўлганидан кейинги илк қадамлар қандай бўлган? СТАРТАП грант дастурига мурожаат қилгунга қадар лойиҳанинг ўз тарихи бормиди?
Аввало, мен ёлғиз ишлаш эмас, жамоа билан ҳаракат қилиш зарурлигини тушундим. Тажрибали педагоглар билан маслаҳатлашдим, муаммоларни таҳлил қилдик.
Бундан олдин ҳам Sirdaryotest.uz, Rahbartest.uz, Sirdaryoakt.uz каби платформаларни яратиб, тажриба тўплаган эдим. Бу лойиҳалар менга техник ва ташкилий жиҳатдан катта сабоқ бўлди.
Шундан сўнг, асосий платформани яратиш учун зарур ҳужжатлар тайёрланди, ишчи гуруҳлар шакллантирилди ва СТАРТАП грант дастурига мурожаат қилинди.
Ҳозирда тизимдан қанча одам фойдаланмоқда ва аудиторияни кенгайтириш бўйича режаларингиз қандай?
Бугунги кунда тизимда минглаб ўқитувчилар ва ўн минглаб ўқувчилар амалиётда фойдаланиб келмоқда. Режамиз – қисқа муддатда барча мактабларни платформага улаш. 2026 йил давомида лойиҳа доирасида ҳудудий семинарлар, тренинглар, тарғибот ишлари, бепул синов даврлари орқали фойдаланувчилар сонини янада оширамиз.
Мақсадимиз – ҳар бир раҳбар, ўқитувчи, ўқувчи ва ота-она платформани кундалик иш қуролига айлантириш.
Жамоа ҳақида сўзлаб берсангиз – маҳсулотни кимлар яратди ва бу жамоа қандай шаклланди?
Лойиҳамиз – бу битта инсоннинг эмас, балки катта жамоанинг меҳнати. Бугунги кунда жамоамиз таркибида, 50 дан ортиқ тажрибали педагоглар, дастурчилар, методистлар ва дизайнерлар фаолият юритмоқда.
Бу жамоа ўз ишига фидойи, тажрибали ва масъулиятли педагоглардан иборат. Мен учун энг катта бойлик – айнан мана шу жамоа.
Ўзбекистон бозоридан ташқарига чиқишни режалаштиряпсизми? Агар шундай бўлса, қайси давлатларга ва нима учун?
Ҳа, албатта, келажакда халқаро бозорга чиқиш режамиз бор. Дастлаб вилоят миқёсида тажриба жараёнларини муваффақиятли якунлаш. Сўнгра Ўзбекистон миқёсида оммалаштириш ва кейинги босқичда Марказий Осиё давлатларига тарғиб қилиш. Сабаби, таълим муаммолари ўхшаш, маданий яқинлик мавжуд, тил мослашуви осон.
Ишингизда сунъий интеллектдан фойдаланасизми? Агар фойдалансангиз, қандай тартибда?
Ҳозирги босқичда платформада автоматлаштирилган баҳолаш ва таҳлил тизимлари мавжуд. Келгусида эса сунъий интеллект асосида, индивидуал таълим ё‘ллари, билим даражасини башорат қилиш, шахсий тавсиялар ва адаптив тестлар жорий этишни мақсад қилганмиз.
Мақсадимиз – ҳар бир ўқувчи учун мослаштирилган таълим муҳитини яратиш.
Давлат дастурлари ва институтлари билан муносабатларингиз қандай йўлга қўйилган? Барча ташкилотлар ҳамкорликка тайёрми ва улар учун бу қанчалик қизиқ?
Бугунги кунда платформа фаолияти қуйидаги асосий ҳамкор ташкилотлар билан мувофиқлаштирилган ҳолда олиб борилмоқда. Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, Гулистон давлат педагогика институти, Сирдарё вилояти методика маркази ҳамда ҳудудий умумтаълим мактаблари.
Лойиҳа фаолиятининг муҳим таянч нуқтаси Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси билан йўлга қўйилган тизимли ҳамкорликдир. Ушбу ҳамкорлик қуйидаги йўналишларда амалга оширилади:
- платформани ҳудудий мактабларда тўлиқ жорий этиш;
- пэдагогларни рақамли компетенцияларга ўргатиш;
- мониторинг ва баҳолаш жараёнларини мувофиқлаштириш;
- платформа орқали ота-оналарга назорат тизимини яратиш.
Бугунги кунда лойиҳамиз вилоят миқёсида пилот лойиҳа сифатида синовдан ўтказилиб, босқичма-босқич кенгайтирилмоқда.
Таълим секторига йўналтирилган маҳсулот яратишда сиз учун энг кутилмаган сабоқ нима бўлди?
Энг катта сабоқлардан бири шуки, технология ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Асосий омил инсон. Агар ўқитувчи ишонмаса, ота-она қатнашмаса, раҳбар қўллаб-қувватламаса ҳеч қандай платформа ишламайди.
Шунинг учун биз фақат технология эмас, балки инсоний муносабатлар, мотивация ва ҳамкорликка ҳам катта эътибор бермоқдамиз.
Яқин истиқболдаги режаларингиз қандай? 5 ва 10 йиллик мақсадларингиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
Яқин келажакда:
- платформани тўлиқ ишга тушириш;
- барча мактабларни қамраб олиш;
- контентни бойитиш.
5 йил ичида:
- миллий таълим экотизимининг асосий платформасига айланиш;
- сунъий интеллект тизимларини жорий этиш;
- республика миқёсида етакчи бўлиш.
10 йил ичида:
- Марказий Осиёда етакчи таълим платформаси;
- халқаро бозорда тан олинган маҳсулот;
- миллионлаб фойдаланувчиларга эга экотизим яратиш.
Менинг асосий орзум – ҳар бир бола замонавий, сифатли ва тенг имкониятларга эга таълим олиши.


