Ўзбекистон делегацияси Кореяда: машинасозликда инновацион ҳамкорликнинг янги босқичи
2026-03-03 11:05:00 / Янгиликлар

Айни пайтда Инновацион ривожланиш агентлиги ходимлари ҳамда ҳудудлардаги инновацион туманлар ҳокимларининг ўринбосарларидан иборат делегация Корея Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Вакилларимиз машинасозлик саноатининг етакчи тузилмаси — Korea Association of Machinery Industry (KOAMI) фаолияти билан яқиндан танишдилар. Музокаралар давомида KOAMI вакиллари замонавий саноат ускуналарини ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш жараёнларини тўлиқ автоматлаштириш ҳамда «ақлли» технологик ечимларни жорий этиш борасидаги илғор тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Учрашувлар марказида нафақат технологик янгиланиш, балки юқори малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш, истиқболли қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Томонлар Ўзбекистон саноатига илғор технологиялар трансферини жадаллаштириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ҳамда стратегик шерикликни йўлга қўйиш бўйича муҳим келишувларга эришдилар.
Мазкур мулоқот икки давлат ўртасидаги саноат интеграциясини янада мустаҳкамлаш билан бирга, юртимиздаги инновацион туманларда машинасозлик соҳасини янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам пойдевор яратади.


