Ихтиро ва интеллектуал мулк ҳимоясига бағишланган давра суҳбати ўтказилди
2026-02-19 18:55:00 / Янгиликлар

Инновацион ривожланиш агентлигида Интеллектуал мулк маркази билан ҳамкорликда “Ихтиро ва фойдали моделлар ҳақида умумий тушунчалар, давлат экспертизасини ўтказиш тартиби” ҳамда “Интеллектуал мулк ҳимояси ва контрафакт маҳсулотларга қарши курашиш” мавзуларида давра суҳбати ўтказилди.
Мазкур тадбирнинг асосий мақсади ихтирочилик фаолиятини янада ривожлантириш, интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш механизмларига оид билим ва амалий кўникмаларни кенгайтиришдан иборат бўлди. Бугунги кунда инновацион ишланмаларни патентлаш, уларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш ҳамда тижоратлаштириш жараёнларини самарали ташкил этиш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Давра суҳбати доирасида 100 нафардан зиёд “онлайн” ва 50 нафар “оффлайн” тарзда олий таълим муассасалари ҳамда илмий ташкилотлар мутахассислари ва масъул ходимлари иштирок этди. Мулоқот давомида патент экспертизасининг асосий босқичлари, талабномаларни кўриб чиқиш муддатлари, амалиётда учрайдиган муаммолар ҳамда уларни бартараф этишнинг самарали йўллари юзасидан атрофлича маърузалар қилинди.
Шунингдек, давлат экспертизаси жараёнида ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш, талабномаларни тайёрлашда йўл қўйиладиган хатоларнинг олдини олиш, интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмларини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбир давомида контрафакт маҳсулотларга қарши курашиш, ноқонуний кўпайтириш ва тарқатиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича мавжуд механизмлар ҳам муҳокама қилинди.
Иштирокчиларга ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан батафсил ва асосланган жавоблар берилди. Очиқ ва интерактив руҳда ўтган учрашув ихтирочилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, патент тизимини такомиллаштириш ҳамда интеллектуал мулк соҳасида ҳуқуқий маданиятни оширишга хизмат қиладиган муҳим платформага айланди.
Ташкил этилаётган бундай тадбирлар инновацион ривожланиш жараёнларини жадаллаштириш, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш ва муаллифлик ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.









