Инновацион ривожланиш агентлиги ва Интеллектуал мулк маркази ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда
2026-02-18 14:45:00 / Янгиликлар

Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамда Интеллектуал мулк маркази вакиллари ўртасида соҳада ўзаро ҳамкорликни янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш жараёнида учраётган ташкилий ва техник муаммолар атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, патентларнинг ҳақиқийлигини тезкор текшириш, муҳофаза ҳужжатларига оид маълумотлардан самарали фойдаланиш ҳамда амалдаги имтиёзларни қўллаш жараёнида ахборот етишмаслиги сабабли юзага келаётган қийинчиликлар тилга олинди.
Учрашувда мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсадида қатор таклифлар илгари сурилди. Жумладан, ташкилотлар ўртасидаги маълумотлар базаларини ўзаро интеграция қилиш, муҳофаза ҳужжатларини онлайн текшириш тизимини жорий этиш, шунингдек, имтиёзларни автоматик тарзда тақдим этиш механизмларини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Таъкидланганидек, ушбу ташаббуслар тизимни изчил рақамлаштириш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш жараёнини соддалаштириш ҳамда инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлашнинг самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
