Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
2026-02-10 16:20:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти тадқиқотчиси Олимжон Бойматовнинг кашфиёти соҳада кескин бурилиш ясады. Ёш олим томонидан 3D биопринтерлари учун зарур бўлган био-сиёҳ асосини маҳаллий ўсимликлардан олиш усули аниқланди.
Германияда ўтказилган илмий стажировка натижасида яратилган кашфиётга Интеллектуал мулк агентлиги томонидан ижобий хулоса берилган бўлиб, ҳозирда у патентлаш жараёнидан ўтмоқда.
—Юртимиз олимлари инсон организмига тўлиқ мос тушадиган, зарарсиз, шу билан бирга нарх жиҳатидан ҳам анча арзон, маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш мумкин бўлган био-сиёҳ яратиш бўйича узоқ йиллардан бери изланиш олиб борган эдилар. Йиллар давомида олинган натижалар кутгандек самарали бўлмаган эди. 2024 йилда Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан эълон қилинган стажировка танловида иштирок этдим ва Германиянинг нуфузли Leibniz университетида замонавий биопринт технологиялари ҳамда гидрогеллар олиш бўйича янги методларни ўргандим. Натийжада инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти берувчи био-сиёҳ бўйича ижобий хулосалар олдим. Янги гидрогел таркиби маҳаллий ўсимликлар полисахаридларидан иборат бўлиб, унда инсон ҳужайралари — iMSC яшай олади ва ривожланади. Бу эса инсон танасига бегона бўлмаган, тез мослашувчан ва хавфсиз сунъий аъзолар ҳамда тўқималарни чоп этишда аниқ муваффақиятни таъминлайди, — дейди Олимжон Бойматов.
Бутун дунёда миллионлаб инсонлар органларни кўчириб ўтказиш амалиёти учун навбатда туришади. Бунга асосий сабаб ҳар доим ҳам зарур орган бўйича донор топилмаслигидир. Муваффақиятли ечим топиш мақсадида дунё олимлари 3D биопринтерларни ривожлантириш бўйича доимий изланиш олиб боришади. Ҳозирга қадар олиб борилган тадқиқотлар қон томирлари, тери ва тоғайлар, қолаверса юрак, жигар ва буйракни шу усулда чоп этиш мумкинлигини тасдиқлаган. Шу сабабли жаҳонда био-сиёҳга бўлган талаб жуда юқори бўлиб, унинг нархи ҳам анча қиммат.
Мазкур кашфиёт келажакда донорлик аъзоларига бўлган эҳтиёжни қоплашга ва кўплаб беморларнинг ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилади. Қолаверса, юртимиз илм-фани ва тиббиёти ривожида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Маълумот ўрнида, 2025 йилда 147 нафар ёш олим Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан эълон қилинган стажировка танловлари натижасида хорижда стажировка ўтади. Тўлиқ давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган ушбу стажировкалар ёш олимларга ўз тадқиқотларини янада такомиллаштириш ва илм-фан соҳасида янги кашфиётлар қилишга кенг имконият яратмоқда.



