Ҳудудий инновацион ривожланиш бўлинмалари учун стажировка бошланди
2026-02-09 20:35:00 / Янгиликлар

Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ташкил этилган стажировкага Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудий инновацион ривожланиш бўлинмалари ходимлари иштирок этмоқда.
Касбий билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш, амалий фаолиятни замонавий талаблар асосида такомиллаштириш мақсадида ташкил этилган машғулотлар учун махсус ўқув режа ишлаб чиқилган бўлиб, жараён 5 кун давом этади.
Ўқув дастурига мувофиқ, иштирокчилар Инновацион ривожланиш агентлигининг асосий фаолият йўналишлари бўйича билимларини мустаҳкамлайдилар. Жумладан, танловларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиблари, электрон платформалар орқали аризалар қабул қилиш механизмлари, илмий, амалий ва инновацион лойиҳаларни молиялаштириш жараёнлари бўйича назарий ва амалий машғулотлар ўтказилади.
Шу билан бирга, машғулотлар доирасида жамоатчилик билан алоқаларни кучайтириш, фуқаролар ва тадбиркорлардан келиб тушаётган мурожаатларга ўз вақтида ва сифатли жавоб бериш, шунингдек, ижро интизомини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу йўналишлар бўйича иштирокчиларга амалий тавсиялар берилган ва реал ҳолатлар асосида машғулотлар ташкил этилган.
Ўқув-амалий машғулотлар якунига кўра, иштирокчиларнинг билим ва малакаси янада ошиши, бу эса ҳудудларда инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш, лойиҳаларни сифатли амалга ошириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар даражасини юксалтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.









