“Space Agro” лойиҳаси имкониятлари Хитойда намойиш этилди
2026-02-09 14:45:00 / Янгиликлар

Андижон ёшлар технопарки “InnoX” дастури иштирокчиси Муҳаммадусмон Одашев Андижон вилояти қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларидан иборат делегация таркибида Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлди.
Сафар доирасида Хитойнинг етакчи агротехнологик компанияларидан бири — “LongPing High-Tech” билан икки томонлама учрашув ўтказилди. Музокаралар якунига кўра, Хитойда юқори талабга эга бўлган экинлар, уларнинг гибрид навлари ва дурагайларига оид маълумотларни “Space Agro” платформасига интеграция қилиш бўйича келишувга эришилди.
“Space Agro” — фермер хўжаликлари учун ер ҳолатини таҳлил қилиш, экин экиш жараёнини илмий асосда режалаштириш ҳамда самарали қарорлар қабул қилиш имконини берувчи замонавий AgroTech B2B платформа ҳисобланади. Мазкур лойиҳа 2025 йилда AloqaVentures томонидан 200 минг АҚШ доллари миқдорида баҳоланиб, дастлабки босқичда 20 минг АҚШ доллари инвестиция жалб этилган.
Учрашув давомида “LongPing High-Tech” билан мавжуд ҳамкорликни кенгайтириш, бошқа турдаги экинлар бўйича илмий-амалий изланишларни йўлга қўйиш, шунингдек, келгусида Андижон вилоятида уруғчилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Шу жараёнда “Space Agro” платформасининг функционал имкониятлари ва амалий афзалликлари тақдим этилди.
Ушбу ташриф қишлоқ хўжалиги соҳасида халқаро тажриба алмашиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳамда ёш мутахассисларнинг касбий салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.



