Олий таълим ва саноат интеграцияси: Хитой делегацияси билан истиқболли ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди
2026-02-06 14:10:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 6-февраль куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги биносида Хитой Халқ Республикасининг Машинасозлик ва электротехника маҳсулотлари экспорти ва импорти савдо палатаси (CCCME) ҳамда нуфузли “CVTE” компанияси вакилларидан иборат делегация билан расмий учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувнинг асосий мақсади икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, олий таълим тизимини замонавий саноат эҳтиёжлари билан интеграция қилиш, шунингдек, инновацион технологияларни амалиётга жорий этиш масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Учрашув давомида томонлар бир қатор муҳим йўналишлар бўйича фикр алмашдилар. Жумладан, олий таълим ва кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Олий таълим ташкилотлари бошқармаси ҳамда Халқаро ҳамкорлик бўлими вакиллари хитойлик ҳамкорлар билан муҳандислик ва технология йўналишларида мутахассислар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда ўқув дастурларини саноат талабларига мослаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, саноатни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб этиш масалалари муҳим муҳокама мавзуларидан бири бўлди. CCCME платформаси орқали машинасозлик ва электротехника соҳаларига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, олий таълим муассасалари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш истиқболлари атрофлича таҳлил қилинди.
Бундан ташқари, инновациялар ва технологиялар трансфери йўналишида ҳам аниқ таклифлар билдирилди. Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамда Технологиялар трансфери миллий офиси мутахассислари “CVTE” компанияси билан биргаликда янги илмий-техник ишланмаларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, қўшма грант лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тажриба алмашиш механизмларини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида Хитой томони вакиллари — CCCME департаменти директори Шэн Гофэй ва “CVTE” компанияси вице-президенти Лай Гуанмин Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлиги, таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Мазкур учрашув олий таълим ва саноат интеграциясини мустаҳкамлаш, инновацион ривожланишга хизмат қилувчи янги ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун муҳим қадам бўлди.



