Чуст туманида инновацион технологиялар асосида қулупнай етиштирилмоқда
2026-02-06 15:00:00 / Янгиликлар

Иссиқхонанинг умумий майдони 40 сотихни ташкил этади. Шундан 25 сотих майдонда гидропоника усулида қулупнай етиштирилса, қолган 15 сотихда цитрус мевалар парвариши йўлга қўйилган. Ушбу технология сув ва ресурсларни тежаш, ҳосилдорликни ошириш ҳамда йил давомида сифатли маҳсулот олиш имконини бермоқда.
Бундан ташқари, тадбиркор томонидан қўшимча 0,5 гектар майдонда қулупнай кўчатчилигини ривожлантириш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, 2025 йилда Корея Республикасидан «Сулхан» навли 20 минг туп қулупнай кўчати олиб келиниб, улар асосида 200 минг туп кўчат етиштирилди. 2026 йилда эса ушбу кўрсаткични 300 минг тупга етказиш режалаштирилган.
Айни пайтда иссиқхонада ҳар уч кунда ўртача 200 килограмм қулупнай ҳосили олинмоқда. Етиштирилган маҳсулотлар маҳаллий бозорларга етказиб берилиб, бозор нархи 1 килограмми учун 120 минг сўмдан 250 минг сўмгача баҳоланмоқда.
Келгусида иссиқхона майдонларини кенгайтириш, ҳосил ҳажмини ошириш ҳамда маҳсулотларни экспорт бозорларига чиқариш режалаштирилган. Мазкур лойиҳа аҳолини сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.




