Финляндия таълим тажрибаси: ўқувчи шахсини ривожлантиришга йўналтирилган ёндашув
2026-02-05 17:20:00 / Янгиликлар

— Маълумки, 2022 йилдан бошлаб Ўзбекистон таълим тизимига Финляндия тажрибасини жорий этиш бўйича дастлабки чора-тадбирлар амалга оширила бошланди. Ушбу жараёнда мактаб бошқаруви, директорларни лавозимга тайинлаш ва уларнинг малакасини ошириш, таълимда медиадан фойдаланиш, мактаб маркетинги, STEM фанларини ташкил этиш ҳамда ўқитувчи ва ўқувчиларни баҳолаш тизимларига оид қатор масалалар ўрганилди. Бироқ айрим йўналишларда амалий тажриба етишмаслиги сабабли очиқ саволлар мавжуд эди. Мазкур саволларга жавоб топишда стажировка муҳим аҳамият касб этди.
Финляндия таълим тизими компетенцияга асосланган ёндашув асосида ташкил этилган бўлиб, унда билимларни ёдлашдан кўра ўқувчиларда танқидий фикрлаш, муаммони ҳал қилиш, мулоқот ва ҳамкорлик кўникмаларини ривожлантириш устувор ҳисобланади. Ушбу ёндашув Ўзбекистон умумий ўрта таълим тизимида ҳам ўз аксини топиб, янгиланган Давлат таълим стандартларида таянч ва фанлараро компетенцияларни шакллантириш асосий мақсад сифатида белгиланди. Натижада ўқув дастурлари қайта кўриб чиқилиб, функционал саводхонликка йўналтирилган топшириқлар улуши оширилди.
Яна бир муҳим жиҳат — таълим жараёнида ўқувчи шахсининг марказий ўринда туришидир. Ўқувчиларнинг индивидуал эҳтиёжлари ва қизиқишларини инобатга олган ҳолда таълимни ташкил этиш тамойили Ўзбекистон мактабларида ҳам босқичма-босқич жорий этилмоқда. Хусусан, интерактив методлар, лойиҳа ва тадқиқот фаолиятига асосланган ёндашувлар кенг қўлланилиб, ўқувчиларнинг мустақил фикрлаши ва фаоллиги ошмоқда.
Стажировка давомида Финляндия мактабларида баҳолаш тизимининг инсонпарвар ва ривожлантирувчи характерга эга эканлиги кузатилди. Баҳолаш жараёни асосан ўқув фаолияти давомида амалга оширилиб, ўқувчининг индивидуал ривожланишини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Ушбу тажриба Ўзбекистонда, айниқса бошланғич таълим босқичида, форматив баҳолаш ва тавсифий фикр-мулоҳазаларни кенг жорий этишга замин яратди. Натижада баҳолашда нафақат билим, балки кўникма ва компетенцияларни аниқлашга эътибор кучайди.
Шунингдек, Финляндия таълим тизимида ўқитувчи касбининг нуфузи ва касбий мустақиллиги алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу тажриба асосида Ўзбекистонда ҳам ўқитувчилар мақомини ошириш, уларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш тизими такомиллаштирилди, аттестация ва сертификатлаштириш жараёнлари жорий этилди ҳамда ортиқча бюрократик юкламалар қисқартирилди.
Финляндия мактабларида ўқув дастурларининг соддалиги, мазмунан чуқурлиги ва реал ҳаёт билан узвий боғлиқлиги таълим сифатини таъминловчи муҳим омил ҳисобланади. Ушбу ёндашув Ўзбекистонда ҳам инобатга олиниб, ўқув юкламаларини оптималлаштириш, такрорий мавзуларни қисқартириш ва амалий топшириқлар улушини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.
Бундан ташқари, Финляндия таълим тизимининг PISA каби халқаро баҳолаш дастурларидаги муваффақияти Ўзбекистон учун муҳим тажриба мактаби бўлди. Ушбу тадқиқотларда иштирок этиш орқали ўқувчиларнинг ўқиш саводхонлиги ва функционал компетенцияларни ривожлантириш масалалари давлат таълим сиёсатида устувор йўналиш сифатида белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, Финляндияга ташриф давомида ўрганилган илғор таълим тажрибалари Ўзбекистон таълим тизимини модернизация қилишда муҳим методологик асос бўлиб хизмат қилди. Мазкур тажрибалар миллий шароитга мослаштирилган ҳолда жорий этилиб, таълим сифатини ошириш, ўқувчиларда ҳаётий компетенцияларни шакллантириш ва барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган ислоҳотларга мустаҳкам замин яратди.
Маълумот ўрнида, мазкур стажировка Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан молиялаштирилган.




