2025 йилда илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган ёш олимлар ва инноваторларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишлар
2026-01-30 20:40:00 / Матбуот анжуманлари

Мамлакатимизда иқтидорли ёшларни инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, уларнинг илмий фаолиятларига кўмаклашиш мақсадида мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 апрелдаги “Илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 222-сон қарори ҳам айни мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятли ҳисобланади.
Мазкур қарорга асосан ёш олимларнинг ўз иш жойидан ажралмаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўтказиладиган илмий тадбирларда иштирок этиши, илмий-тадқиқот ишлари бўйича лойиҳаларни амалга ошириши, шунингдек, тажриба алмашишни назарда тутувчи “Академик ҳаракатчанлик” дастури танлови ҳамда олий таълим ва илмий ташкилотлар томонидан тавсия этилган номзодларни етакчи хорижий илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш бўйича танловлар ўтказиб келинмоқда.
2025 йилда қарорнинг 1-иловаси ижроси доирасида 4 маротаба “Академик ҳаракатчанлик” дастури танлови ташкил этилди. Маълумот учун, мазкур танлов 2022–2024 йиллар мобайнида йилда 1 маротаба ўтказилган бўлиб, умумий ҳисобда ғолиблар сони сал кам 40 нафарни ташкил этган. 2025 йилдан бошлаб эса мазкур танловни ҳар чоракда ўтказиш амалиёти жорий этилди.
Ҳисобот даврида танловга жами 709 та ариза келиб тушди. Якуний натижаларга кўра, I чоракда 16 нафар, II чоракда 25 нафар, III чоракда 23 нафар ва IV чоракда 29 нафар, жами 40 ёшгача бўлган 93 нафар ёш олимнинг лойиҳалари умумий ҳисобда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 5,5 млрд сўм миқдорида молиялаштирилди. Ҳудудлар кесимида кўрилганда, йил давомида танловда иштирок этиш бўйича Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилояти етакчилик қилди.
Шунингдек, “Академик ҳаракатчанлик” дастури учун мўлжалланган махсус ахборот тизими (akadem.ilmiy.uz) такомиллаштирилди ҳамда 2025 йилнинг II чорагидан бошлаб танловда иштирок этиш учун аризалар тўлиқ электрон шаклда қабул қилиниши йўлга қўйилди.
Қарорнинг 3-иловасига асосан 2025 йилда ёш олимларни хорижий илмий стажировкаларга юбориш дастури бўйича жами 8 та танлов ўтказилди. Ушбу танловларга талабгорлар томонидан жами 1395 та ариза тақдим этилди. Якуний натижаларга кўра, 145 нафар ёш олим АҚШ, Италия, Франция, Туркия, Россия каби жами 12 та давлатнинг нуфузли хорижий илмий ташкилотларига илмий стажировкаларга юборилди.
Шу билан бирга, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ортиқча вақт ва ресурсларни тежаш ҳамда республикамизнинг барча ҳудудларидаги талабгорлар учун қулайлик яратиш мақсадида стажировка танловларига ариза топшириш жараёни тўлиқ рақамлаштирилди.
Маълумот ўрнида, айни пайтда “Академик ҳаракатчанлик” танлови бўйича 2026 йил учун 1-танлов ҳамда ёш олимларни хорижга стажировкага юбориш бўйича 8 та танлов амалга оширилмоқда. Уларда иштирок этиш тартиби ва танлов талаблари билан расмий веб-сайтимиз ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз орқали танишиш мумкин.
