Ўзбекистонда илмий лабораториялар учун сунъий интеллект технологияларига асосланган ягона илмий платформа ишга туширилиши режалаштирилмоқда
2026-01-22 16:55:00 / Янгиликлар

Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилаётган мазкур лойиҳа мамлакатдаги барча илмий-тадқиқот инфратузилмалари ҳақидаги маълумотларни ягона марказлашган ахборот ресурси сифатида жамлаб, уларни самарали бошқариш имконини беради.
Шунингдек, илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланувчи ташкилотларда илмий инфратузилмалардан фойдаланиш самарадорлигини таҳлил қилиш, прогнозлаш ва оптималлаштириш жараёнлари сунъий интеллект технологиялари орқали амалга оширилиб, натижада вақт ва ресурсларни тежашга эришилади. Платформа, шу билан бирга, соҳа очиқлиги, шаффофлиги ҳамда ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу платформа илмий изланишлар сифатини ошириш, такрорий харажатларни камайтириш ҳамда республиканинг турли ҳудудларида ташкил этилган илмий лабораториялар имкониятларидан тўлиқ ва мақсадли фойдаланишга хизмат қилади.
Сунъий интеллект технологиялари асосида республикада илм-фаннинг рақамли келажагини шакллантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланаётган платформа жорий йилнинг декабрь ойида ишга туширилиши кутилмоқда.
