“Ўзбекистон – 2030” стратегияси: илм-фан ва инновацион ривожланиш йўлидаги муҳим қадамлар
2026-01-14 09:40:00 / Янгиликлар

Айни кунларда мамлакатимиз тараққиётининг узоқ муддатли устувор йўналишларини белгилаб берувчи “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини такомиллаштириш лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Мазкур ҳужжатда барча соҳалар қатори илм-фан ва инновацион фаолият йўналишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, ушбу соҳа бўйича қатор бандларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда.
Шу муносабат билан Инновацион ривожланиш агентлиги марказий аппаратида ўтказилган йиғилишда стратегия лойиҳасига киритилаётган таклиф ва ташаббуслар атрофлича муҳокама этилди. Унда илмий-тадқиқот фаолиятини янада ривожлантириш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш, илмий ишланмалар ва замонавий технологияларни яратиш ҳамда уларни амалиётга кенг жорий этиш масалалари муҳим устувор йўналишлар сифатида қайд этилди.
Таъкидланганидек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатимиз келажагини белгилаб берувчи муҳим дастурий ҳужжат ҳисобланади. Мазкур стратегия доирасида илм-фан, таълим ва инновацияларни ривожлантириш бўйича аниқ мақсад ва вазифалар белгиланмоқда. Хусусан, олимлар ва ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш, илмий тадқиқотлар натижаларини ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳаларга жорий этиш, шунингдек, халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.






