2025 йил давомида Инновацион ривожланиш агентлигида амалга оширилган ишлар ҳамда эришилган натижаларга бағишланган брифинг
2025-12-25 13:25:00 / Матбуот анжуманлари

Инновацион ривожланиш агентлиги 2025 йилда ҳам Ўзбекистон Республикасида илм-фан ва илмий фаолият соҳасини ҳамда инновацион фаолиятни бошқариш ва ташкиллаштириш, уни амалга оширишни мувофиқлаштириш, мамлакатнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини ошириш йўналишларида қатор ишларни амалга оширди.
Хусусан, 2025 йилда Давлат илмий дастурлари доирасида умумий қиймати 577,1 млрд сўм бўлган 323 та илмий лойиҳа молиялаштирилди. Агентлик томонидан қўллаб-қувватланган тижоратлаштириш лойиҳалари натижасида қиймати 51,83 млрд сўм бўлган инновацион маҳсулот ва хизматлар сотилиб, давлат бюджетига 6,2 млрд сўм миқдорида солиқ тўланди.
Илмий-тадқиқот натижаларида яратилган илмий ҳажмдор маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда олий таълим ва илмий ташкилотларда фаолият юритаётган олимлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида янги инновацион (спин-офф) корхоналар сони 30 тага етказилди. Ички ва ташқи бозорларда тижоратлаштирилган янги ишланмалар сони эса 300 тани ташкил этди. Шунингдек, илм-фан ва инновацион фаолият натижасида яратилган янги ишланмалар ва технологиялар сони 250 тага етказилди.
2025 йилда таълим ва илмий ташкилотларда олий таълимдан кейинги таълим институтлари сони 249 тага етказилди. Бунинг натижасида олий таълимдан кейинги таълимнинг стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура ва докторантура учун ажратиладиган қабул квоталари 2019 йилга (1093 тага) нисбатан 5 бараварга оширилиб, 5300 тага етказилди. Ҳозирда, стажёр-тадиқотчилик институти ва олий таълимдан кейинги таълим институтларида илмий тадқиқот олиб бораётган изланувчилар сони 32 078 нафарни ташкил этмоқда.
Маълумки, 2021 йилдан буён ёш олимларни ўз иш жойидан ажралмаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида етакчи илмий марказларда ўтказиладиган илмий тадбирларда иштирок этиши, илмий-тадқиқот иши бўйича лойиҳаларни амалга оширишни, шунингдек, тажриба алмашишни назарда тутувчи “Академик ҳаракатчанлик” дастури танлови ўтказиб келинмоқда. Жорий йилдан бошлаб мазкур танловни йилнинг ҳар чорагида ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Натижада жами 4,43 млрд сўмлик 64 та лойиҳа молиялаштирилди. “Академик ҳаракатчанлик” дастури танлови тўлиқ рақамлаштирилиб, аризалар махсус ахборот тизими (akadem.ilmiy.uz) орқали қабул қилиниши ташкил этилди.
Ҳисобот йилида ёш олимларни қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш мақсадида АҚШ, Эрон, Малайзия, Туркия, Россия ва Татаристон каби давлатларга стажировка танловлари эълон қилиниб, 145 нафар ёш олим 12 та хорижий мамлакатга илмий стажировкаларга юборилиши таъминланди.
Йил давомида стартап лойиҳалар танловлари орқали 69 млрд сўмлик 121 та стартап лойиҳа молиялаштирилди. Натижада 106 та инновацион корхона фаолияти йўлга қўйилди ва 1100 та янги иш ўринлари яратилди ҳамда 2,3 млн АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция жалб қилинди.
Республикамиз бўйлаб ташкил этилган “Стартап фестивали”да 6000 га яқин ёшлар учун республика стартап экотизимининг бугунги эришилган натижалари ҳамда стартап лойиҳалар тўғрисида батафсил маълумот берилди ҳамда 200 га яқин стартап лойиҳалар тақдимоти амалга оширилди.
Ҳудудлардаги ёшларни таҳлилий фикрлаш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, ўз интеллектуал салоҳиятларини намоён қилиши ва ижтимоий мослашуви учун зарур шароитлар яратиш ҳамда ёшларнинг “стартап” лойиҳаларини ривожлантириш ва уларни амалга ошириш учун ягона майдон ташкил этиш мақсадида ташкил этилган Ёшлар технопаркларида бугунга келиб 7 турдаги ўқув курслари фаолият юритмоқда. Ҳиобот даврида илмий ва инновацион фаолиятга қизиқиш билдирган 15-30 ёшгача бўлган 50 мингдан ортиқ ёшлар мазкур курсларга қамраб олинди.
Шунингдек, Ёшлар технопаркларида ташкил этилган “InnoX” акселератор ва инкубатор дастурларида иштирок этган ёшлар томонидан 3 675 та стартап лойиҳа ишлаб чиқилди. Мазкур стартап лойиҳалардан 621 таси саралаб олиниб, турли грант танловларга йўналтирилди.
Натижада, дастур битирувчилари томонидан ишлаб чиқилган 82 та стартап лойиҳалар 24,7 млрд сўм маблағ жалб этди. Шунингдек, стартап лойиҳалар танловининг “Pitching” босқичидан муваффақиятли ўтган 46 та лойиҳаларга турли вазирлик ва идоралар ҳамда тижорат банклари томонидан 9,3 млрд сўмлик маблағ йўналтирилди.
2025 йил мобайнида ҳудудларда инновацион фаолият инфратузилма субъектларисони 67 тага етказилди. Маълумот учун: 2025 йил мобайнида 12 та инновацион фаолият инфратузилма субъектлари, хусусан, 4 та технологик парклар, 3 та венчур фонди, 2 та бизнес-инкубатор ва акселератор, 3 та инновацион марказлари ташкил этилди.
Жорий йил якунига қадар хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳажми 12 млн АҚШ долларига, ташқи беғараз кўмак (грант) маблағлари эса 6,8 млн АҚШ долларига етказилди.
Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) томонидан Глобал инновация индекси рейтинги ҳисоботи эълон қилинди. Глобал тадқиқот ва инновацион ривожланиш бўйича дунё мамлакатлари фаолиятини баҳолайдиган мазкур рейтингда Ўзбекистон 139-та давлат орасида 79-ўринни эгаллади.
Хусусан, минтақалар бўйича инновацион иқтисодиётлар таснифида Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлар бўйича Ўзбекистон кўчли тўртликдан жой олди.
Шунингдек, жорий йилнинг 9-11 октябрь кунлари “InnoWeek-2025” халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги ўтказилди. Жумладан ҳафталик доирасида 290 та маҳаллий ва хорижий корхона, олий таълим ва илмий ташкилотлар ҳамда инновацион инфратузилма ташкилотлари томонидан жами 815 турдаги ишланма ва маҳсулотлар намойиш этилди. Шунингдек, 30 та илмий-амалий тадбир (18 та халқаро ва 12 та маҳаллий) ўтказилди, 200 дан ортиқ хорижий меҳмонлар иштирок этди. Қиймати 51,04 млрд сўм бўлган 45 та сотув шартномаси, 9,73 млн АҚШ долларлик 4 та экспорт шартномаси, 300 минг АҚШ доллар бўлган 2 та грант шартномаси, илм-фан ва технологиялар трансфери бўйича 9 та келишув ва меморандумлар имзоланди.
2026 йилда ҳам мазкур йўналишдаги ишларни фаол давом эттириш белгиланган.
