Ўзбекистонлик ёш тадқиқотчи полиетилен чиқиндиларни қайта ишлашда янги технология яратмоқда
2025-12-11 10:35:00 / Янгиликлар

Пластик чиқиндиларнинг бошқарилмаётган оқими бугунги куннинг энг долзарб экологик муаммоларидан бири. Табиатга ташлаб юборилган пластиклар қуруқликни ҳам, сув ҳавзаларини ҳам ифлослантиради. Йирик дарёлар орқали океанларга оқиб тушаётган чиқиндилар миқдори ҳам кундан-кунга ошмоқда.
Ўзбекистонда ҳам полиетилен чиқиндилари ҳажми йил сайин кўпайиб бормоқда. Расмий маълумотларга кўра, йилига 400 минг тоннадан ортиқ полимер чиқиндилари пайдо бўлади ва уларнинг аксариятини полиетилен ташкил этади. Бундай чиқиндиларни қайта ишлаш эса мамлакатнинг экологик барқарорлигини таъминлаш, маҳаллий хомашёни ривожлантириш ва иқтисодий самарадорликни ошириш учун муҳим омил ҳисобланади.
Шу мақсадда “Академик ҳаракатчанлик” дастури ғолиби Ферузжон Яхёев томонидан полиетилен чиқиндиларини қайта ишлашда сув ва электроэнергия сарфини кескин камайтирадиган янги технология ишлаб чиқилмоқда. Тадқиқотга кўра, ҳозирда Хитойдан келтирилаётган қайта ишлаш линияларида гранулани совитиш жараёни бир хил ҳароратда амалга ошмайди. Бундан ташқари, совитиш жараёнида фойдаланилган сув бевосита канализацияга оқизиб юборилади. Бунинг оқибатида сувнинг катта миқдори беҳуда сарфланади, совуқ сувнинг тўсатдан таъсири пластмассанинг ички структураси бузилишига олиб келади, насосларнинг узлуксиз ишлаши электроэнергияни кўп истеъмол қилади.
Янги ишлаб чиқилаётган қурилма эса ушбу муаммоларнинг барчасига ечим бўлиши мумкин. Қурилма датчиклар ёрдамида сувнинг ҳароратини доимий назорат қилади ва уни 25 °С даражада ушлаб туради. Энг муҳими, сув канализацияга ташланмайди — махсус тизим орқали совутилади, фильтрланади ва яна қайта ишлов жараёнига қайтарилади. Бу эса сув сарфини минимал даражага туширади, электроэнергия исрофини камайтиради ҳамда грануланинг сифатини барқарор ва юқори даражада ушлаб туради.
Мутахассисларнинг фикрича, ушбу технология Хитойдан олиб келинаётган мавжуд линиялардан анча самаралироқ бўлиб, Ўзбекистонда пластик чиқиндиларни қайта ишлаш бозорида янги босқични бошлаб бериши мумкин.
Ёш тадқиқотчининг ушбу лойиҳаси экологик барқарор ишлаб чиқаришга ўтиш, ресурсларни тежаш ва юқори сифатли маҳсулот олиш борасида катта имкониятлар яратмоқда.

