Инновацион экотизим бўйича Венгрия тажрибаси ўрганилмоқда
2025-11-27 18:55:00 / Янгиликлар

Айни кунларда Инновацион ривожланиш агентлиги вакиллари, Республикамизнинг инновацион ҳудудга айлантирилаётган туман ҳокимларининг инновацион ривожланиш бўйича ўринбосарлари, ҳудудлардаги инновацион ривожланиш шуъбалари мудирлари ҳамда ёшлар технопарклари раҳбарлари Венгрия давлатида хизмат сафарида бўлиб турибдилар.
Жаҳон банкининг “Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш” лойиҳаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилган хизмат сафари инновацион экотизимга оид илғор тажрибаларни ўрганишга қаратилган.
Дастурга кўра делегация вакиллари Будапешт ишлаб чиқариш ва технологиялар парки — “BITEP” фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Экскурция давомида Венгрия технопаркларининг жойлашуви, инфратузилмаси ва мавжуд имкониятлари ҳақида дастлабки маълумотлар берилди. Шунингдек, 65 гектар майдонни эгаллаган ушбу саноат ҳудудида фаолият юритаётган 300 дан ортиқ кичик ва йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти ўрганилди.
Шунингдек, “BITEP” раҳбарияти билан амалий учрашув ўтказилди. Мулоқот давомида бизнес инкубация ва акселерация жараёнларида Венгрия тажрибаси, технопарк резидентлари учун яратилган шароитлар, мулкчилик шакллари ва ҳамкорлик истиқболлари, технологиялар трансфери, ўқув-амалий лабораторияларнинг технопарклар ривожланишидаги ўрни каби йўналишларда савол-жавоблар ўтказилди ва келгусида ҳамкорлик бўйича келишиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур хизмат сафари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 июль куни Андижон вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши ҳамда аҳолини қийнаётган масалаларга ечим топиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда белгиланган топшириқлар бўйича 39-сон баёнда белгиланган устувор вазифалар ижроси юзасидан ташкил этилган бўлиб, жорий йилнинг 5 декабрь санасига қадар давом этади.






