“INNOVO ” фундаментал тадқиқотлар танлови
20:30 31.10.2025

Муддат: 01.12.2025
Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари, давлат дастурлари ва концепцияларида баён этилган вазифа ва топшириқларда белгиланган вазифаларнинг илмий ечимларига қаратилган илмий фаолиятга оид давлат мақсадли дастурлари доирасида бажариладиган фундаментал тадқиқот лойиҳалари танлови эълон қилинмоқда.
Мазкур танлов илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ ўтказилади ҳамда қуйидаги фан йўналишлари бўйича эълон қилинади:
1. “Биология ва биотехнология фанлари” йўналиши бўйича
1.1. Ҳажмга боғлиқ анион каналининг фундаментал ҳужайравий жараёнлар биофизикасидаги роли.
1.2. Ёшга боғлиқ омилларнинг марказий асаб тизимидаги метаболик жараёнлар ва нейродегенератив ўзгаришларга таъсирини ўрганиш.
1.3. Висцерал тизим органлари патологияларида митохондрия дисфункциясини ўсимлик бирикмалари билан фармакологик коррекция қилиш механизмлари.
1.4. Ўсимлик биологик фаол бирикмаларининг мультитаргет кардиопротектив таъсир механизмлари.
1.5. Турли даражадаги электромагнит тўлқинларининг ин виво ва ин витро шароитида инсон ва ҳайвонлар организмига таъсир механизмларини ўрганиш.
1.6. Нейродегенерация патогенезида узоқ занжирли РНК иштирок этиш механизмларини ўрганиш
1.7. Ўзбекистон аҳолисида аутизм спектри бузилишининг (АСБ) транскриптор таҳлили.
1.8. Марказий Осиё айрим илонлари заҳарларидан ўсмага қарши компонентларни излаш, ажратиб олиш ва тавсифлаш
2. “Тиббиёт фанлари” йўналиши бўйича
2.1. Артериал гипертензияси бўлган беморларда когнитив бузилишлар ривожланишининг омикс механизмлари.
2.2. Ҳомила патологияларини сурфактант терапияси ва фетал жарроҳлик йўли билан бачадон ичида даволашнинг патогенетик асослари ва инноватцион технологиялари.
3. “Иқтисодиёт фанлари” йўналиши бўйича
3.1. “Оғир” шароитли туманларда имтиёзли солиқ ставкаларини қўллаш самарадорлигини баҳолаш комплекс услубиёти тизимини яратиш.
3.2. Инсон капитали ривожланиши орқали инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришнинг инновацион концептуал моделини ишлаб чиқиш
3.3. Яшил иқтисодиётга ўтишда фискал сиёсатнинг концептуал моделини ишлаб чиқиш
4. “Кимё фанлари, кимёвий технология ва нанотехнологиялар” йўналиши бўйича
Металлоксид-кремний нанокомпозит бирикмали сенсорларни яратишнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш ва тадқиқ қилиш.
5. “Тарих ва археология фанлари” йўналиши бўйича
Ўзбек оиласи трансформацион ривожланиши асосида унинг тарихий реконструкциясини ишлаб чиқиш.
Лойиҳа тақдим қилинганда лойиҳа раҳбари ўз лойиҳаси тадқиқот йўналишидан келиб чиқиб, вазирлик ҳузуридаги Илмий-техник кенгаш йўналишини танлаши ва шу йўналиш бўйича тақдим қилиши лозим.
Лойиҳа тақдим қилинганда лойиҳа раҳбари ўз лойиҳаси тадқиқот йўналишидан келиб чиқиб, вазирлик ҳузуридаги Илмий-техник кенгаш йўналишини танлаши ва шу йўналиш бўйича тақдим қилиши лозим.
Танловга тақдим этиладиган илмий лойиҳалар Давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал электрон платформаси (loyiha.ilmiy.uz) орқали 2025 йилнинг 1 декабрь соат 23:55 га қадар фақат электрон шаклда қабул қилинади.
Танлов шартлари.
- Лойиҳани амалга ошириш бўйича илмий жамоанинг ўртача ёши 45 ёшдан ошмаслиги лозим. Илмий жамоада ёш олимлар ва иқтидорли талабалар (шу жумладан, магистратура талабалари) иштирок этиши мақсадга мувофиқ.
- Танловда илмий-тадқиқотлар ўтказиш учун имконияти ва салоҳияти мавжуд илмий фаолият субъектлари иштирок этиши мумкин. Илмий фаолият асосий фаолият турига кирмайдиган ташкилотлар томонидан тақдим этилган лойиҳалар танловдан четлаштирилади. Лойиҳа ҳамраҳбари сифатида хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотларида фаолият кўрсатаётган ва лойиҳа мавзуси йўналишида муҳим натижаларга эришган, «Scopus» ва “Web of Science” халқаро илмий маълумотлар базаларида “Hirsh” индекси 5 ва ундан юқори бўлган етакчи олимлар жалб қилинади.
- Лойиҳа раҳбари томонидан танловга фақат битта лойиҳа тақдим этилиши мумкин. Бир вақтнинг ўзида бир турдаги иккита лойиҳага раҳбар бўлишга йўл қўйилмайди ва ушбу ҳолатга олиб келиши мумкин бўлган лойиҳалар қабул қилинмайди.
- Илмий лойиҳа Давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал электрон платформасига (loyiha.ilmiy.uz) юкланиши лозим.
- Тақдим этилган лойиҳалардаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилиги ҳамда лойиҳанинг натижадорлиги, танлов дастурлари вазифаларида белгиланган, кутилаётган натижаларнинг сифатлилиги, уларга тўла ва ўз вақтида эришилишига лойиҳа раҳбарлари, лойиҳани бажарувчи ташкилот раҳбарлари ҳамда тегишли юқори турувчи ташкилотларнинг масъул ходимлари жавобгар ҳисобланадилар.
- Тақдим этилган лойиҳада келтирилган илмий янгилик, ноу-хау ва ғояларни экспертиза жараёнларида очиқ муҳокамага қўйишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ижрочи ташкилот ваколатли тузилмасининг (хизматининг) хулосаси лойиҳага илова қилиниши лозим.
- Танловда белгиланган йўналишларда бажарилиши 4 (тўрт) йилга мўлжалланган фундаментал тадқиқотларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 12 000 баробаридан ошмаган ҳолда маблағ ажратилади.
Эслатма: Танловга тақдим этилган лойиҳаларнинг ҳар бир босқичда кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар лойиҳа раҳбарларининг Давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал электрон платформасидаги (loyiha.ilmiy.uz) шахсий кабинетларида тақдим этиб борилади.
Танловга тақдим этиладиган лойиҳа талабномалари фақат илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланувчи (ScienceID) идентификациясига эга фойдаланувчилар томонидан давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал электрон платформаси (loyiha.ilmiy.uz) орқали қабул қилинади. “ScienceID” дан рўйхатдан ўтиш id.ilmiy.uz тизими орқали амалга оширилади. Лойиҳанинг ижрочилари ёки лойиҳа раҳбари бўлмаган шахслар томонидан тақдим этилган, ижрочи ташкилот раҳбарининг масъул ўринбосари томонидан тасдиқланмаган лойиҳа талабномалари танловга қабул қилинмайди.
Илмий лойиҳаларни шакллантириш билан боғлиқ масалалар бўйича Инновацион ривожланиш агентлиги масъул ходимлари: +99871 203-32-23 (211, 219, 425, 246)
