Инновацион туманлар учун янги технологиялар танлови
17:40 28.08.2025

Муддат: 31.10.2025
Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ҳудудлардаги Инновацион туман(шаҳар)ларда янги ишланмаларга асосланган технологияларни жорий этишга қаратилган илмий фаолиятга оид давлат илмий дастурлари доирасида тижоратлаштиришга тайёрлаш ва тижоратлаштириш лойиҳалари шаклида бир йил ва икки йил мобайнида бажариладиган инновацион тадқиқотлар танлови эълон қилинмоқда.
Мазкур танловга лойиҳа талабномалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарорида белгиланган талабларга мувофиқ қабул қилинади.
Танловга тақдим этиладиган илмий лойиҳалар ишланмани тижоратлаштиришга тайёрлаш ва тижоратлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш ахборот тизими (кейинги ўринларда – ахборот тизими) (tijorat.ilmiy.uz) орқали 2025 йил 30 сентябрга қадар фақат электрон шаклда қабул қилинади.
Тижоратлаштиришга тайёрлаш шаклидаги лойиҳани расмийлаштириш шакли билан танишиш учун бу ерни босинг.
Тижоратлаштириш шаклидаги лойиҳани расмийлаштириш шакли билан танишиш учун бу ерни босинг.
1. Танловга амалий тадқиқотларга ва/ёки олинган ихтиро, фойдали модел патентига асосланган лойиҳа талабномалари қабул қилинади.
Амалий тадқиқотга асосланган лойиҳаларни илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарган олий таълим ёки илмий ташкилотлар тақдим этишлари мумкин.
Патентга асосланган лойиҳаларни илмий ва инновацион фаолият субъектлари (шу жумладан, инновацион фаолиятни амалга оширмоқчи бўлган хусусий корхоналар) тақдим этишлари мумкин.
2. Лойиҳа инновацион ҳудудга айлантирилаётган туман ва шаҳарларда янги ишланмага асосланган ишлаб чиқариш ва/ёки хизмат кўрсатишни ташкил этишни назарда тутади.
Лойиҳа доирасида ишлаб чиқариш ва/ёки хизмат кўрсатишни тегишли ҳудудда ташкил этиш учун лойиҳа талабномасига ушбу туман ёки шаҳар ҳокими томонидан лойиҳани қўллаб-қувватлаши ва зарур шарт-шароит яратиб бериши баён этилган хати илова қилинади.
Лойиҳа талабномасида ишлаб чиқариш ва/ёки хизмат кўрсатишни ташкил қилиш учун зарур ер майдонининг мавжудлиги аниқ манзил ва тегишли ўлчамлар билан кўрсатилади.
3. Танловда лойиҳани молиялаштиришга хусусий сектор маблағини (шу жумладан, ташаббускорнинг ўз маблағини) жалб этиш бўйича келишувга эришган лойиҳаларга устуворлик берилади.
Хусусий сектор маблағлари (ёки ташаббускорларнинг ўз маблағлари) лойиҳа қийматининг 50 фоиздан кўп бўлганда инобатга олинади.
Эришилган келишувни тасдиқловчи ҳужжатнинг электрон нусхаси лойиҳа талабномаси билан бирга ахборот тизимига юкланади.
Бунда, эришилган келишувда лойиҳани Агентлик томонидан молиялаштириш лойиҳага хусусий сектор маблағлари (ёки ташаббускорларнинг ўз маблағлари) йўналтирилгандан сўнг бошланиши инобатга олиниши тавсия этилади.
4. Тижоратлаштиришга тайёрлаш шаклидаги инновацион лойиҳа талабномасида янги маҳсулотнинг тажриба намунасини ёки прототипини яратиш назарда тутилади ва лойиҳани келгусида тижоратлаштириш истиқболлари баён этилади.
Тижоратлаштириш истиқболлари ишлаб чиқариш ва/ёки хизмат кўрсатиш ташкил этиладиган ҳудуд, мавжуд (ёки режалаштирилган) ер майдони, ҳамкор ташкилотлар, лойиҳани молиялаштириш манбалари тўғрисида маълумотларни баён этиш орқали асослантирилади.
Лойиҳа талабномасида (шу жумладан, харажатлар сметасида) лойиҳани тижоратлаштириш билан боғлиқ ишлар (бизнес-режани ишлаб чиқиш, лицензия келишувини тузиш, ишланманинг қийматини баҳолаш) ва харажатлар кўрсатилади.
5. Лойиҳа раҳбари томонидан танловга фақат битта лойиҳа тақдим этилиши мумкин. Амалда инновацион лойиҳа бажарилаётган ёки бошқа танловларда кўриб чиқиш жараёнида бўлган инновацион лойиҳа билан иштирок этаётган лойиҳа раҳбарларининг лойиҳа талабномалари қабул қилинмайди.
6. Лойиҳа талабномасини ахборот тизими орқали рўйхатдан ўтказиш учун қуйидаги ҳужжатларнинг электрон нусхалари (pdf/doc) платформага юкланади:
- ижрочи ташкилотнинг раҳбари томонидан имзоланган йўлланма хат (pdf);
- тегишли туман ёки шаҳар ҳокимининг қўллаб-қувватлаш хати (pdf);
- патентга асосланган лойиҳалар учун патент ёки лицензион шартнома (pdf).
Лойиҳага хусусий сектор маблағини (шу жумладан, ташаббускорнинг ўз маблағини) жалб этган ҳолда молиялаштириш назарда тутилганида молиялаштирувчи томон билан эришилган келишувнинг электрон нусхаси ҳам платформага юкланади.
7. Тақдим этилган лойиҳада келтирилган янгилик, ноу-хау ва ғояларни экспертиза жараёнларида очиқ муҳокамага қўйишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ижрочи ташкилот ваколатли тузилмасининг (хизматининг) хулосаси лойиҳага илова қилиниши лозим.
Изоҳ: Ижрочи ташкилот лойиҳада келтирилган янгилик, ноу-хау ва ғояларни экспертиза жараёнларида очиқ муҳокамага қўйилганлиги ҳақида ваколатли тузилманинг (хизматнинг) хулосаси тақдим этилмаган тақдирда, лойиҳа талабномаси танловдан четлаштирилади.
8. Лойиҳалар белгиланган шаклда ва лойиҳа қийматидан келиб чиқиб шакллантирилиши лозим.
9. Лойиҳанинг Агентлик томонидан молиялаштирадиган қисми базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) қуйидаги миқдорлардан ошмайди:
бир йиллик лойиҳалар бўйича – 3 500 баробаригача
икки йиллик лойиҳалар бўйича – 6 000 баробаригача.
10. Лойиҳани бажариш билан боғлиқ харажатлар лойиҳа қиймати доирасида ҳисобланади, бунда:
лойиҳанинг умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) бараварида кўрсатилади;
танловга тақдим этиладиган лойиҳани амалга ошириш учун сўралаётган умумий молиялаштириш ҳажмини (5-шакл) ҳисоблашда ҳаволага (tijorat.ilmiy.uz) жойлаштирилган ҳисоб-китоб шаклидан фойдаланиш тавсия этилади;
лойиҳа ижрочиларининг иштирок этиш улуши (ставка миқдори) уларнинг лойиҳадаги вазифасига мутаносиб бўлади (масалан, лойиҳага тўлиқ ставкада жалб этилган ижрочи лойиҳага асосий штатдаги ходим сифатида расмийлаштиришни назарда тутади ва бошқа ташкилотларда тўлиқ ставкада ва асосий иш жойида ишламайди).
Эслатма:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарорига мувофиқ:
лойиҳалар белгиланган талабларга мувофиқ техник экспертизадан ўтказилади;
лойиҳа доирасида ажратилган маблағлар иш ҳақидан ташқари, умумий маблағнинг камида 40 фоизи илмий асбоб-ускуналар, хом ашёлар ҳамда бошқа зарур материалларни харид қилиш ва моддий-техника базасини ривожлантириш билан боғлиқ бошқа харажатларга йўналтирилади;
лойиҳа доирасида бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга ҳамда транспорт воситаларини (махсус транспорт воситалари бундан мустасно) харид қилишга йўл қўйилмайди.
Танловга тақдим этилган лойиҳаларнинг ҳар бир босқичда кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар лойиҳа раҳбарларининг ишланмани тижоратлаштиришга тайёрлаш ва тижоратлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш ахборот тизимидаги (tijorat.ilmiy.uz) шахсий кабинетларида кўрсатиладиган интерактив хизмати орқали тақдим этиб борилади.
Танловга тақдим этиладиган лойиҳалар лойиҳа раҳбарининг ягона идентификация тизими (ид.илмий.уз) орқали рўйхатдан ўтган шахсий кабинети орқали топширилиши шарт. Лойиҳанинг ижрочилари ёки лойиҳа раҳбари бўлмаган шахслар томонидан тақдим этилган лойиҳалар танловга қабул қилинмайди.
2. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда инновацион ҳудудга айлантирилаётган туманлар рўйхати қуйидаги ҳужжатлар билан тасдиқланган:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида” 2021 йил 1 апрелдаги ПФ-6198-сон Фармонига 3-илова билан;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022 – 2026-йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида” 2022 йил 6 июлдаги ПФ-165-сон Фармонига 4-илова билан.
Лойиҳаларни шакллантириш билан боғлиқ масалалар бўйича Инновацион ривожланиш агентлиги масъул ходими: +99871 203-32-23 (510, 416, 318, 413).
