Ўзбекистон–2030: “Social Research” фундаментал тадқиқотлар танлови
11:50 18.08.2025

Муддат: 20.09.2025
116-танловЎзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” ПФ-16-сон фармони 1-илова 9-мақсадида келтирилган топшириқларда белгиланган вазифалар ижросига қаратилган тил ва адабиёт, тарих, археология, маънавият, маданият ва санъат каби ижтимоий-гуманитар фан йўналишларида илмий ечимга қаратилган илмий фаолиятга оид давлат мақсадли дастурлари доирасида бажариладиган фундаментал тадқиқотлар танлови эълон қилинмоқда.
Мазкур танлов илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларга мувофиқ ўтказилади ҳамда бажарилиши тўрт йилга мўлжалланган фундаментал лойиҳалар қуйидаги фан йўналишлари бўйича эълон қилинади:
1. “Филология ва ижтимоий фанлар” йўналиши бўйича:
1.1. Қорақалпоғистоннинг этник жиҳатдан аралаш ҳудудларида ижтимоий-маданий ўзаро алоқалар динамикасининг тадқиқотлари (Қўнғирот, Хўжайли ва Беруний туманлари мисолида);
1.2. Ўзбек шеваларидаги этнографизмларни тадқиқ этиш;
1.3. “Кучли иқтисодиёт ва кучли маънавият уйғунлиги” парадигмасини “Ўзбекистон–2030” стратегиясининг ғоявий драйверига айлантириш методологиясини ишлаб чиқиш.
2. “Тарих ва археология фанлари” йўналиши бўйича:
2.1. Марказий Осиё ҳудудида турли тарихий даврларда дунёвийлик ғоялари ривожланиши.
2.2. Ўзбекистоннинг марказий ва шимолий-шарқий ҳудудларида юз берган қадимги зилзилалар ва уларни оқибатлари (Археосейсмологик тадқиқотлар).
Лойиҳа тақдим қилинганда лойиҳа раҳбари ўз лойиҳаси тадқиқот йўналишидан келиб чиқиб вазирлик ҳузуридаги Илмий-техник кенгаш йўналишини танлаши ва шу йўналиш бўйича тақдим қилиши лозим.
Танловга тақдим этиладиган илмий лойиҳалар Давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал электрон платформаси (loyiha.ilmiy.uz) орқали 2025 йилнинг 18 сентябрга қадар фақат электрон шаклда қабул қилинади.
Танлов шартлари:
- Лойиҳани амалга ошириш бўйича илмий жамоанинг ўртача ёши 45 ёшдан ошмаслиги лозим. Илмий жамоада ёш олимлар ва иқтидорли талабалар (шу жумладан, магистратура талабалари) иштирок этиши мақсадга мувофиқ.
- Танловда илмий-тадқиқотлар ўтказиш учун имконияти ва салоҳияти мавжуд илмий фаолият субъектлари иштирок этиши мумкин. Илмий фаолият асосий фаолият турига кирмайдиган ташкилотлар томонидан тақдим этилган лойиҳалар танловдан четлаштирилади.
Лойиҳа ҳамраҳбари сифатида хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотларида фаолият кўрсатаётган ва лойиҳа мавзуси йўналишида муҳим натижаларга эришган, “Scopus” ва “Web of Science” халқаро илмий маълумотлар базаларида “Hirsh” индекси 5 ва ундан юқори бўлган етакчи олимлар жалб қилинади.
- Лойиҳа раҳбари томонидан танловга фақат битта лойиҳа тақдим этилиши мумкин. Бир вақтнинг ўзида бир турдаги иккита лойиҳага раҳбар бўлишига йўл қўйилмайди ва ушбу ҳолатга олиб келиши мумкин бўлган лойиҳалар қабул қилинмайди.
- Илмий лойиҳа Давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал электрон платформаси (loyiha.ilmiy.uz) орқали электрон платформага юкланиши лозим:
- Тақдим этилган лойиҳалардаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилиги ҳамда танлов ғолиблари томонидан илмий-техник лойиҳаларнинг натижадорлиги, танлов дастурлари вазифаларида белгиланган, кутилаётган натижаларни тўла ва ўз вақтида сифатли бажарилишига илмий лойиҳа раҳбарлари, илмий лойиҳани бажарувчи ташкилот раҳбарлари ва тегишли юқори турувчи ташкилотларнинг масъул ходимлари жавобгар ҳисобланадилар.
- Тақдим этилган лойиҳада келтирилган илмий янгилик, ноу-хау ва ғояларни экспертиза жараёнларида очиқ муҳокамага қўйишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ижрочи ташкилот ваколатли тузилмасининг (хизматининг) хулосаси лойиҳага илова қилиниши лозим.
- Танловга тақдим этиладиган лойиҳанинг умумий молиялаштириш ҳажми ва бажариш муддатлари, эълон қилинадиган лойиҳа мавзусининг матнига мувофиқ бўлиши шарт.
- Танловда белгиланган йўналишларда бажарилиши 4 (тўрт) йилга мўлжалланган фундаментал тадқиқотларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 12 000 баробаридан ошмаган ҳолда маблағ ажратилади.
Эслатма: Танловга тақдим этилган лойиҳаларнинг ҳар бир босқичда кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар лойиҳа раҳбарларининг Давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал электрон платформасидаги (loyiha.ilmiy.uz) шахсий кабинетларида тақдим этиб борилади.
Танловга тақдим этиладиган илмий лойиҳалар лойиҳа раҳбарининг илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни идентификация қилиш тизимида (id.ilmiy.uz) рўйхатдан ўтган шахсий кабинети орқали топширилади ва ижрочи ташкилот масъул раҳбари томонидан тасдиқланади.
Илмий лойиҳаларни шакллантириш билан боғлиқ масалалар бўйича Инновацион ривожланиш агентлиги масъул ходимлари: +99871 203-32-23 (413, 425, 246)
