Қорақалпоғистон Республикасидаги иқтидорли ёшларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2026 йилда “Бўлажак олим” танлови доирасида илмий ғоялар танлови
07:35 05.06.2026

Муддат: 04.07.2026
“Бўлажак олим” илмий ғоялар танлови
Танловнинг асосий мақсади: Қорақалпоғистон Республикасидаги инновацион, илмий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий изланишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш ҳамда салоҳиятли ёшларни илм-фанга кенг жалб этишдан иборат.
Мазкур танлов Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 апрелдаги “Илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 222-сон қарорининг 2-иловаси — “Бўлажак олим” танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган талабларга мувофиқ ўтказилади.
2026 йилда Қорақалпоғистон Республикасидаги иқтидорли ёшларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказиладиган “Бўлажак олим” илмий ғоялар танлови бўйича аризалар қабул қилинади.
Илмий ғоя
“Илмий ғоя” — илмий далил, муаммо, фараз, назария каби воқеликни акс эттириш шаклларидан бири бўлиб, фан тараққиётининг самараси, илмий кашфиётларнинг натижаси сифатида пайдо бўладиган ҳамда турли фан соҳаларининг асосий тамойиллари ва устувор қоидалари асосида ишлаб чиқилган лойиҳа ҳисобланади.
Танлов иштирокчиларига қўйиладиган талаблар
- Танлов иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши керак;
- Танлов иштирокчилари ёши, илмий даражаси, унвони, мансаби ва иш жойидан қатъи назар 40 ёшдан ошмаган бўлиши лозим;
- Илмий ғоя муаллифи Қорақалпоғистон Республикасида истиқомат қилиши лозим;
- Бир нафар иштирокчи битта лойиҳа билан иштирок этиши лозим.
Танловга топшириладиган илмий ғояларга қўйиладиган талаблар
- Илмий далил, муаммо, фараз ёки назария турли фан соҳаларининг асосий тамойиллари ва устувор қоидалари асосида ишлаб чиқилган лойиҳа бўлиши лозим;
- Илмий ғоя жамият ва иқтисодиётдаги муайян муаммони ҳал этишга қаратилган бўлиши лозим;
- Илмий ғояни амалга ошириш учун талаб этиладиган маблағлар аниқ ва асосланган ҳисоб-китоб қилинган бўлиши лозим;
- Илмий ғоянинг амалга ошириш механизмлари, муддати ва дастлабки натижалари аниқ кўрсатилган бўлиши лозим;
- Илмий ғояни амалга оширишнинг энг кўп муддати бир йилгача бўлиши лозим;
- Танловда ғолиб деб топилган илмий ғоялар учун ажратилган маблағлар доирасида илмий ғоя муаллифи ва ижрочиларига ойлик маош (иш ҳақи) назарда тутилиши мумкин эмас;
- Топширилган илмий ғояни амалга ошириш учун сўралаётган маблағ миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваригача бўлиши зарур;
- Танловда ғолиб деб топилган илмий ғоялар учун ажратилган маблағлар ҳисобидан макет ва (ёки) прототип яратиш ҳамда унинг бир дона намунасини Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг кўргазмалар залида (show-room) жойлаштириш лозим;
- Тақдим этилган илмий ғоялар танлов талабларига қатъий риоя қилинган, материаллари ишончли ва ҳаққоний, кўчирмачиликка (плагиатга) йўл қўйилмаган ҳамда белгиланган талаблар асосида шакллантирилган бўлиши лозим.
Танловда иштирок этиш учун аризаларни юбориш
Танлов доирасида аризалар 2026 йил 5 июндан 2026 йил 4 июль куни соат 23:59 га қадар қабул қилинади.
Танловга тақдим этиладиган аризалар белгиланган ҳужжат шакллари асосида тўлдирилиб, электрон шаклда “startup.ilmiy.uz” платформаси орқали топширилиши лозим.
Тақдим этилган ҳужжатларнинг “Бўлажак олим” танлови талабларига мувофиқ ҳолда тўлиқ тақдим этилганлиги ва расмийлаштирилганлиги, маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилиги, шунингдек, танлов дастурлари вазифаларида белгиланган кутилган натижаларнинг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун ариза муаллифлари шахсан жавобгар ҳисобланади.
