Илмий тадқиқотлар натижасида яратилган ишланмалар асосида янги технологиялар
11:25 21.05.2026

Муддат: 21.07.2026
АмалийИнновацион ривожланиш агентлиги томонидан олимлар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат илмий дастурлари доирасида бажарилган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар натижасида яратилган ишланмалар бўйича тажриба-синов ишлари учун кетадиган харажатларни Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш мақсадида тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳалари танлови эълон қилинмоқда.
Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 4-апрелдаги “Мамлакатда янги ишланмалар асосида ишлаб чиқаришни ташкил этиш тизимини жорий қилиш ҳамда илм-фанни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-54-сон Фармонига асосан эълон қилинмоқда.
Танловга тақдим этиладиган лойиҳалар Ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлаш ва тижоратлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш ахборот тизими (tijorat.ilmiy.uz) (кейинги ўринларда – электрон платформа) орқали 2026-йил 21-майдан 2026-йил 21-июль соат 23:55 га қадар фақат электрон шаклда қабул қилинади.
Танлов шартлари.
-
Танловга фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар натижаларига асосланган лойиҳа талабномалари қабул қилинади.
-
Лойиҳа янги ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлаш учун олимлар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан тажриба-синов ишларини ўтказиш ва ишлаб чиқаришга қабул қилиш билан боғлиқ ишларни амалга оширишни назарда тутади.
-
Лойиҳа ҳужжатларининг харажатлар сметасида лойиҳа доирасида ўтказиладиган тажриба-синов ишлари учун кетадиган харажатлар алоҳида позиция билан кўрсатилади.
-
Танловга келиб тушган лойиҳаларнинг Илмий экспертлар томонидан якуний баҳолаш натижаларига кўра ижобий баҳоланганлари электрон платформа орқали Танлов комиссиясига ўтказилади.
-
Танлов комиссиясининг йиғилишида лойиҳа раҳбари (ёки унинг иштирокида лойиҳа ижрочиларидан бири) лойиҳасини тақдимот орқали очиқ муҳокамада ҳимоя қилади.
-
Танлов комиссияси тақдимот натижаларига кўра ҳар бир лойиҳа бўйича овоз бериш йўли билан уни молиялаштиришга тавсия этиш ёки рад этиш юзасидан тегишли қарор қабул қилади.
-
Танловда лойиҳани молиялаштиришга хусусий сектор томонидан маблағлар (шу жумладан, ташаббускорнинг ўз маблағини) ажратилиши талаб этилади.
Хусусий сектор маблағлари (ташаббускорларнинг ўз маблағлари) лойиҳа қийматининг 50 фоиздан кўп бўлганда устуворлик берилади.
Тадбиркорлик субъекти ҳамда олим ўртасида эришилган келишувни тасдиқловчи ҳужжатнинг электрон нусхаси лойиҳа талабномаси билан бирга электрон платформага юкланади.
Лойиҳани Агентлик томонидан молиялаштириш лойиҳага хусусий сектор маблағлари (ташаббускорларнинг ўз маблағлари) йўналтирилгандан сўнг амалга оширилади.
-
Лойиҳа талабномасида (шу жумладан харажатлар сметасида) лойиҳа доирасида бажариладиган тажриба-синов ишлари ва тижоратлаштиришга тайёрлаш билан боғлиқ (бизнес-режани ишлаб чиқиш, лицензия келишувини тузиш, ишланманинг қийматини баҳолаш ва ҳ.к.) харажатлар батафсил кўрсатилади.
-
Лойиҳа раҳбари томонидан танловга фақат битта лойиҳа тақдим этилиши, амалда илмий тадқиқот лойиҳаси тўлиқ якунланган бўлиши талаб этилади.
-
Лойиҳа талабномасини электрон платформа орқали рўйхатдан ўтказиш учун қуйидаги ҳужжатларнинг электрон нусхалари (pdf/doc) платформага юкланади:
ижрочи ташкилотнинг раҳбари томонидан имзоланган йўлланма хат (pdf);
лойиҳа талабномасининг матни (имзо ва муҳр қўйилган ҳолда pdf шакли) ва унинг матн редактори дастуридаги (doc/docx) шакли.
Лойиҳага хусусий сектор маблағини (шу жумладан, ташаббускорнинг ўз маблағини) ажратилиши бўйича молиялаштирувчи томон билан эришилган келишувнинг тасдиқланган электрон нусхаси платформага юкланади.
-
Тақдим этилган лойиҳада келтирилган янгилик, ноу-хау ва ғояларни экспертиза жараёнларида очиқ муҳокамага қўйишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида тадқиқот бажарилган ташкилот ваколатли тузилмасининг (хизматининг) хулосаси лойиҳага илова қилиниши лозим.
Изоҳ: Ижрочи ташкилот лойиҳада келтирилган янгилик, ноу-хау ва ғояларни экспертиза жараёнларида очиқ муҳокамага қўйилганлиги ҳақида ваколатли тузилманинг (хизматнинг) хулосаси тақдим этилмаган тақдирда, лойиҳа талабномаси танловдан четлаштирилади.
-
Лойиҳалар белгиланган шаклда ва лойиҳа қийматидан келиб чиқиб шакллантирилиши лозим.
-
Лойиҳанинг Агентлик томонидан молиялаштириладиган қисми базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) қуйидаги миқдорларидан ошмайди:
бир йиллик лойиҳалар бўйича – 2 500 баробаригача;
икки йиллик лойиҳалар бўйича – 3 500 баробаригача.
-
Лойиҳани бажариш билан боғлиқ харажатлар лойиҳа қиймати доирасида ҳисобланади, бунда:
лойиҳанинг умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) баробарида кўрсатилади;
танловга тақдим этиладиган лойиҳани амалга ошириш учун сўралаётган умумий молиялаштириш ҳажмини ҳисоблашда ҳавола қилинаётган шаклдан фойдаланиш тавсия этилади;
лойиҳа доирасида тўлдирилган маълумотлар ҳаққонийлигига лойиҳа раҳбари ва ижрочи ташкилот жавобгар ҳисобланишади.
Эслатма:
Лойиҳани амалга ошириш бўйича интеллектуал мулк ҳуқуқи билан боғлиқ масалалар қонунчиликда белгиланган тартибда муҳофаза ҳужжатларига асосан расмийлаштирилиши лозим.
лойиҳа доирасида ажратилган маблағ ҳисобидан транспорт воситаларини (махсус транспорт воситалари бундан мустасно), юмшоқ мебеллар ва аксессуарларни, уяли телефонларни харид қилишга, бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга йўл қўйилмайди.
Танловга тақдим этилган лойиҳаларнинг ҳар бир босқичда кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар лойиҳа раҳбарларининг Ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлаш ва тижоратлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш ахборот тизими (tijorat.ilmiy.uz) шахсий кабинетларида кўрсатиладиган интерактив хизмати орқали тақдим этиб борилади.
Танловга тақдим этиладиган лойиҳалар лойиҳа раҳбарининг id.ilmiy.uz ягона идентификация тизими орқали рўйхатдан ўтган шахсий кабинети орқали топширилиши шарт. Лойиҳанинг ижрочилари ёки лойиҳа раҳбари бўлмаган шахслар томонидан тақдим этилган лойиҳалар танловга қабул қилинмайди.
Лойиҳаларни шакллантириш билан боғлиқ масалалар бўйича Инновацион ривожланиш агентлиги масъул ходимлари: +99871 203-32-23 (318, 520).
