“Интеллектуал фаолият бўйича” танловлар
14:15 30.04.2026

Муддат: 31.05.2026
ИхтироИнновацион ривожланиш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикасида интеллектуал мулк ҳуқуқини олган жисмоний шахслар ўртасида ҳар йили ўтказиладиган Интеллектуал фаолият ё‘налишида “Энг яхши ихтиро”, “Энг яхши фойдали модель”, “Энг яхши саноат намунаси”, “Энг яхши ЭҲМ учун дастур ва маълумотлар базаси” ва “Энг яхши селекция ютуғи” номинациялари бўйича танловлар (кейинги ўринларда – танлов) эълон қилинмоқда.
Мазкур танловга аризалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 апрелдаги 160-сон қарори 3-иловаси билан тасдиқланган Интеллектуал фаолият бўйича танловларни ўтказиш тартиби тўғрисида низом талабларига мувофиқ қабул қилинади.
Танловга тақдим этиладиган аризалар ихтирочилик ва рационализаторлик кўрик-танловини ўтказиш бўйича электрон платформа (ixtiro.ilmiy.uz) (кейинги ўринларда — электрон платформа) орқали эълон қилинган санадан бошлаб 2026 йил 1 июньга қадар электрон шаклда қабул қилинади.
1. Танловда Ўзбекистон Республикасида интеллектуал мулк ҳуқуқини олган жисмоний шахслар қатнашиш ҳуқуқига эга.
2. Танловда иштирок этиш истагида бўлган талабгорлар электрон платформа орқали қуйидаги номинациялардан бирини танлаган ҳолда рўйхатдан ўтади:
“Энг яхши ихтиро”;
“Энг яхши фойдали модель”;
“Энг яхши саноат намунаси”;
“Энг яхши электрон ҳисоблаш машинаси учун яратилган дастур ва маълумотлар базаси”;
“Энг яхши селекция ютуғи”.
3. Илгари ўтказилган мазкур танловларда иштирок этганлар айнан шу лойиҳалари билан танловда иштирок этмайди.
4. Агар танлов комиссияси аъзоси иштирокчи(лар)нинг яқин қариндоши бўлса ёки танлов натижасидан бевосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислигига шубҳа туғдирувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса, аъзо ўзини ўзи рад этиши шарт.
5. Танлов икки босқичда ўтказилади:
1-босқич – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида;
2-босқич – республика миқёсида.
6. Танлов натижалари бўйича ғолиблар электрон платформада Республика комиссияси аъзоларининг баҳолаш натижалари орқали аниқланади. (баҳолаш мезонлари)
7. Аризаларни электрон платформа орқали рўйхатдан ўтказиш жараёнида қуйидаги ҳужжатларнинг электрон нусхалари (pdf/doc) Платформага юкланади:
- тегишли шаклдаги ариза (pdf);
- номинация бўйича ишланма прототипи ёки намуналари фотосурати ёки схемаси (jpg/jpeg) (мажбурий);
- номинация бўйича ишланма тавсифи матни (имзо қўйилган ҳолда, пдф ва унинг матн редактори дастуридаги (doc/docx) шакли) (мажбурий) ;
- таклиф ташкилотда/жамоавий яратилган бўлса, таклифнинг танловда иштироки бўйича ҳаммуаллифларининг розилик хати (pdf) (мавжуд бўлса);
- муҳофаза ҳужжати электрон нусхаси (pdf) (мажбурий) ;
- таклиф жорий этилган бўлса, лицензион келишув ёки шартнома нусхаси (pdf) (мавжуд бўлса).
8. Ариза маълумотлари электрон платформада тегишли номинация бўлимига киритилиши лозим.
Изоҳ: Электрон платформанинг (ихтиро.илмий.уз) мажбурий (*) белгисидаги бўлимларига ното‘г‘ри маълумотлар киритилган тақдирда, ариза танловга қабул қилинмайди.
Эслатма:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 апрелдаги 160-сон қарори 3-иловаси билан тасдиқланган “Интеллектуал фаолият бўйича танловларни ўтказиш тартиби тўғрисида низом” талабларига мувофиқ:
аризалар белгиланган талабларга мувофиқ техник экспертизадан ўтказилади;
Танловга тақдим этилган аризаларнинг ҳар бир босқичда кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар электрон платформадаги шахсий кабинетларида кўрсатиладиган интерактив хизмати орқали тақдим этиб борилади.
Танловга тақдим этиладиган аризалар иштирокчининг Илмий-инновацион фаолият билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни идентификация тизими (id.ilmiy.uz) орқали рўйхатдан ўтган шахсий кабинети орқали топширилиши шарт. Таклифнинг муаллифи бўлмаган шахслар томонидан тақдим этилган аризалар танловга қабул қилинмайди.
Аризаларни шакллантириш билан боғлиқ масалалар бўйича Инноватсион ривожланиш агентлиги масъул ходими: +99871 203-32-23 (244).
