Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажариладиган амалий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар бўйича «Олима аёллар» танлови
21:30 17.03.2026

Муддат: 17.04.2026
Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажариладиган амалий тадқиқот ва инновацион лойиҳаларни қабул қилиш учун «Олима аёллар» танлови эълон қилинмоқда.
Танлов Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 7 мартдаги ПФ-87-сон Фармонининг 5.2-бандига асосан илмий-тадқиқот ишларининг устувор йўналишлари доирасида ташкил этилмоқда.
Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарорида белгиланган талабларга мувофиқ қуйидаги фан йўналишлари бўйича эълон қилинади:
- Архитектура, қурилиш, дизайн ва шаҳарсозлик фанлари
- Ахборотлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш фанлари
- Биология ва биотехнология фанлари
- Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши
- Фармакология ва фармацевтика фанлари
- Филология ва ижтимоий фанлар
- Ҳуқуқ фанлари
- Иқтисодиёт фанлари
- Кимё фанлари, кимёвий технология ва нанотехнологиялар
- Математика, физика ва механика фанлари
- Ўрмон хўжалиги, тупроқшунослик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш фанлари
- Педагогика ва психология фанлари
- Қишлоқ хўжалиги фанлари
- Тарих ва археология фанлари
- Техника фанлари
- Тиббиёт фанлари
- Ветеринария ва чорвачилик фанлари
- Ер тўғрисидаги фанлар
Танлов доирасида илмий экспертиза натижаларига кўра фан йўналишлари кесимида энг юқори балл тўплаган 1 та илмий лойиҳа молиялаштиришга тавсия этилади.
Лойиҳа тақдим қилинганда лойиҳа раҳбари ўз лойиҳаси тадқиқот йўналишидан келиб чиқиб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник кенгаш йўналишини танлаши ва шу йўналиш бўйича тақдим қилиши лозим.
Танловнинг асосий мақсади – республикамизда хотин-қизларни илм-фанга кенг жалб қилиш, фан-таълим ва иқтисодиётнинг турли тармоқ ва соҳаларида илмий фаолият билан шуғулланаётган хотин-қизларнинг янги ғоя ва ишланмаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ташаббускор амалий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар натижалари бўйича иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг мавжуд муаммолари, реал эҳтиёжлари ҳамда ҳудудий муаммоларни ҳал этишга қаратилган илмий ҳажмдор маҳсулотлар ва инновацион технологияларни яратишдан иборат.
Танловга тақдим этиладиган илмий лойиҳалар давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал электрон платформаси (loyiha.ilmiy.uz) орқали 2026 йил 17 мартдан 2026 йил 17-апрель соат 23:55 га қадар фақат электрон шаклда қабул қилинади.
1. Танловда илмий-тадқиқотлар ўтказиш учун имконияти ва салоҳияти мавжуд илмий фаолият субъектлари иштирок этиши мумкин.
2. Лойиҳа раҳбари томонидан танловга фақат битта лойиҳа тақдим этилиши мумкин.
3. Илмий лойиҳалар бўйича ижрочи ташкилот Илмий (илмий-техник) кенгаши мажлисининг баёнидан кўчирмада ва бажарилиши режалаштирилган илмий лойиҳа якунида қўлга киритиладиган муҳим илмий натижа (якуний маҳсулот, янги ишланма, технология) қайд этилиши (асослаб берилиши) лозим.
Тақдим этилган лойиҳалардаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилиги ҳамда танлов ғолиблари томонидан илмий-техник лойиҳаларнинг натижадорлиги, тижоратлаштириш даражаси, танлов дастурлари вазифаларида белгиланган, кутилаётган натижаларни тўла ва ўз вақтида сифатли бажарилишига илмий лойиҳа раҳбарлари, илмий лойиҳани бажарувчи ташкилот раҳбарлари ва тегишли юқори турувчи ташкилотларнинг масъул ходимлари жавобгар ҳисобланадилар.
4. Танловга бажарилиши бир йил даврга мўлжалланган умумий қиймати 2000 БҲМ дан ошмаган лойиҳа талабномалари қабул қилинади. Мазкур шартларга мос бўлмаган лойиҳа талабномалари дастлабки техник экспертизадан ўтказилмайди ва кўриб чиқилмайди.
5. Лойиҳани амалга ошириш бўйича илмий жамоанинг ўртача ёши, қоида тариқасида 45 ёшдан ошмаслиги керак (Илмий жамоанинг ўртача ёши барча ижрочиларнинг ёшини ўртача арифметик қиймати сифатида ҳисобланади).
6. Эълон қилинган мавзуларга тақдим этиладиган илмий лойиҳалар тегишли вазирлик ва идораларнинг қўллаб-қувватлаш хати мавжуд бўлганида қабул қилинади.
7. Илмий лойиҳа маълумотлари Давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал электрон платформаси (loyiha.ilmiy.uz) орқали давлат тилида (лотин алифбосига асосланган ўзбек ёзувида) киритилади ва ижрочи ташкилотнинг масъул раҳбари томонидан тасдиқланади.
8. Танловга тақдим этиладиган илмий лойиҳалар якунида ахборот тизимини ишлаб чиқиш, комплекс фойдаланишга асосланган дастурий маҳсулотлар, веб платформалар, мобил иловалар яратишга қаратилган бўлса қуйидагилар талаб қилинади:
яратиладиган дастурий маҳсулот учун Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигидан ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтказиш ва ЭҲМ учун яратилган дастур гувоҳномасини олиш вазифаси лойиҳа талабномасида акс этиши;
дастурий маҳсулотнинг лойиҳа якунлангандан сўнг, узлуксиз ишлаши ва зарур ҳолларда маълумотларни янгилаб бориш;
лойиҳа талабномасида камида уч йиллик «ҳостинг» ва «домен» (мобил илова бўлса, мобил иловалар дўконига жойлаштириш) харажатларини «лойиҳанинг бошқа шу каби харажатлар» бандига киритиш.
Эслатма: Танловга тақдим этилган лойиҳаларнинг ҳар бир босқичда кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар лойиҳа раҳбарларининг Давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал электрон платформасидаги (loyiha.ilmiy.uz) шахсий кабинетларида тақдим этиб борилади.
Танловга тақдим этиладиган лойиҳа талабномалари фақат илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланувчи (ScienceID) идентификациясига эга фойдаланувчилар томонидан давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал электрон платформаси (loyiha.ilmiy.uz) орқали қабул қилинади. «ScienceID» дан рўйхатдан ўтиш id.ilmiy.uz тизими орқали амалга оширилади. Лойиҳанинг ижрочилари ёки лойиҳа раҳбари бўлмаган шахслар томонидан тақдим этилган, ижрочи ташкилотнинг масъул раҳбари томонидан тасдиқланмаган лойиҳа талабномалари танловга қабул қилинмайди.
Илмий лойиҳаларни шакллантириш билан боғлиқ масалалар бўйича Инновацион ривожланиш агентлиги масъул ходимлари: +99871 203-32-23 (211, 219, 413, 425, 246).
