“Ўзбекистон-Озарбайжон” халқаро қўшма танлови
19:05 12.12.2025

Муддат: 12.02.2026
Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажариладиган илмий лойиҳалар бўйича «Ўзбекистон-Озарбайжон» халқаро қўшма танловини эълон қилиш матни
Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажариладиган илмий лойиҳаларни қабул қилиш учун Озарбайжон Республикасининг Фан ва олий таълим бўйича давлат агентлиги билан ҳамкорликда «Ўзбекистон-Озарбайжон» халқаро қўшма танлови эълон қилинмоқда.
Танловга келиб тушган лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарорда белгиланган талабларга мувофиқ қуйидаги фан йўналишлари бўйича эълон қилинади:
1. Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси
2. Техника фанлари
3. Архитектура, қурилиш, дизайн ва шаҳарсозлик фанлари
4. Фармакология ва фармацевтика фанлари
5. Кимё фанлари, кимёвий технология ва нанотехнологиялар
Лойиҳа тақдим қилинганда лойиҳа раҳбари ўз лойиҳаси тадқиқот йўналишидан келиб чиқиб вазирлик ҳузуридаги Илмий-техник кенгаш йўналишини танлаши ва шу йўналиш бўйича тақдим қилиши лозим.
Танловда иштирок этиш истагини билдирган илмий жамоа Озарбайжон томонидан лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳамкор топишлари ва икки томонда эълон қилинган танлов шартлари бўйича бир хил мавзуга мос лойиҳаларни тақдим қилишлари лозим. Танловнинг барча босқичларида икки томондан ҳам ижобий натижага эга лойиҳаларгина кейинги босқичга ўтказилади.
Танловга тақдим этиладиган илмий лойиҳалар давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал электрон платформаси (loyiha.ilmiy.uz) орқали 2025 йил 12 декабрдан 2026 йил 10 февралга қадар фақат электрон шаклда қабул қилинади.
Танлов шартлари.
1. Танловда амалий-тадқиқотлар ўтказиш учун имконияти ва салоҳияти мавжуд илмий фаолият субъектлари иштирок этиши мумкин.
2. Лойиҳа раҳбари томонидан танловга фақат битта лойиҳа тақдим этилиши мумкин.
3. Амалий тадқиқот лойиҳалари бўйича ижрочи ташкилот Илмий (илмий-техник) кенгаши мажлисининг баёнидан кўчирмада ва бажарилиши режалаштирилган амалий тадқиқот лойиҳаси якунида қўлга киритиладиган муҳим илмий натижа (якуний маҳсулот, янги ишланма, технология) қайд этилиши (асослаб берилиши) лозим.
4. Танловга бажариш муддатлари 3 йилгача бўлган лойиҳалар қабул қилинади.
5. Лойиҳани амалга ошириш бўйича илмий жамоанинг ўртача ёши (ўзбек томони учун), қоида тариқасида 45 ёшдан ошмаслиги керак. (Илмий жамоанинг ўртача ёши барча ижрочиларнинг ёшини ўртача арифметик қиймати сифатида ҳисобланади).
6. Озарбайжон Республикасидаги ҳамижрочи ташкилот ва лойиҳа талабномаси тўғрисида маълумот сифатида илова қилиниши лозим.
7. Лойиҳа талабномаси маълумотлари Давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал электрон платформаси (loyiha.ilmiy.uz) орқали киритилади ва ижрочи ташкилотнинг масъул раҳбари томонидан тасдиқланади.
8. Амалий тадқиқот лойиҳасини бажариш даври бўйича лойиҳа қиймати қуйидаги миқдорлардан ошмаслиги лозим:
бажарилиши бир йил бўлган амалий тадқиқот лойиҳаси – базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 3 000 баробаригача;
бажарилиши икки йил бўлган амалий тадқиқот лойиҳаси – БҲМнинг 5 000 баробаригача;
бажарилиши уч йил бўлган амалий тадқиқот лойиҳаси – БҲМнинг 7 500 баробаригача.
9. Танловга тақдим этиладиган амалий тадқиқот лойиҳалари якунида ахборот тизимини ишлаб чиқиш, комплекс фойдаланишга асосланган дастурий маҳсулотлар, веб платформалар, мобил иловалар яратишга қаратилган бўлса қуйидагилар талаб қилинади:
яратиладиган дастурий маҳсулот учун Адлия вазирлигининг интеллектуал мулк департаменти томонидан ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтказиш ва ЭҲМ учун яратилган дастур гувоҳномасини олиш вазифаси лойиҳа талабномасида акс этиши;
дастурий маҳсулотнинг лойиҳа якунлангандан сўнг, узлуксиз ишлаши ва зарур ҳолларда маълумотларни янгилаб бориш;
лойиҳа талабномасида камида 3 (уч) йиллик «ҳостинг» ва «домен» (мобил илова бўлса, мобил иловалар дўконига жойлаштириш) харажатларини 5.4-шаклдаги «лойиҳанинг бошқа шу каби харажатлар» бандига киритиш.
Эслатма:
1. Танловга тақдим этилган лойиҳаларнинг ҳар бир босқичда кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар лойиҳа раҳбарларининг Давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал электрон платформасидаги (loyiha.ilmiy.uz) шахсий кабинетларида тақдим этиб борилади.
2. Танловга келиб тушган лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарорида белгиланган талабларга мувофиқ экспертизадан ўтказилади.
3. Танловга тақдим этиладиган лойиҳа талабномалари лойиҳа раҳбарининг илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни идентификация қилиш тизимида (id.ilmiy.uz) рўйхатдан ўтган шахсий кабинети орқали топширилади. Лойиҳанинг ижрочилари ёки лойиҳа раҳбари бўлмаган шахслар томонидан тақдим этилган, ижрочи ташкилот раҳбарининг масъул ўринбосари томонидан тасдиқланмаган лойиҳа талабномалари танловга қабул қилинмайди.
Лойиҳа талабномаларини шакллантириш билан боғлиқ масалалар бўйича Инновацион ривожланиш агентлиги масъул ходимлари: +99871 203-32-23 (219, 425, 246).
