Касбга садоқат — муваффақият омили
2024-04-18 08:05:00 / Янгиликлар
Ҳозирги кунда Хива тумани ИИБ ЖХХ Пробация гуруҳи катта инспектори лавозимида хизмат қилаётган капитан Ҳамробек Жуманиёзов яқинда Тошкент шаҳрида ўтказилган «Намунали маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани» кўрик-танловининг республика босқичида «Энг фаол пробация хизмати инспектори» номинацияси ғолиби, деб топилди. Бу эътироф уни янада шижоат билан хизмат қилишга ундаши шубҳасиз.
Лавҳамиз қаҳрамони бошқа соҳавий хизмат ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилаётган тезкор тадбирларда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.
У Жиноий-ҳуқуқий соҳадаги қонунчилик ижросини таъминлаш, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан чиқарилган суд ҳукми ва ажримлари ижросини таъминлаш борасида самарали ишларни амалга оширмоқда. Шунингдек, пробация назорати остида турган маҳкумларнинг муаммоларини аниқлаш, уларга амалий ёрдам бериш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш ҳам доимий диққат марказида.
- Жорий йилнинг ўтган даврида 18 нафар маҳкум жазо ўташ даврида тузалиш йўлига киргани учун белгиланган жазодан муддатидан илгари озод этилди, — дейди капитан Ҳамробек Жуманиёзов. — Аксинча, белгиланган жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб юрган 6 нафар маҳкумнинг жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазо турига алмаштирилди.
- Ҳамробек Жуманиёзовнинг ички ишлар органларида хизмат қилаётганига 12 йилдан ошди, — дейди туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Жаҳонгир Отажонов. — Ўтган даврда у ўзининг синчковлиги, касбига садоқати туфайли ҳамкасбларига ўрнак бўлмоқда. Қолаверса, ички ишлар органлари ходимлари ўртасида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловларда ҳам фаол қатнашиб, ғолиб ва совриндорлар сафидан муносиб ўрин эгаллади. Масалан, ўтган йили «Намунали оила» кўрик-танловининг вилоят босқичида Жуманиёзовлар оиласи фахрли иккинчи ўринни қўлга киритганини эътироф этиш мумкин.
Худойберган ЖАББОРОВ, ўз мухбиримиз.
Хоразм вилояти.