Тошкент вилоятига хавфсиз саёҳат
2024-04-15 09:00:00 / Янгиликлар
Тарих саҳифаларидан маълумки Тошкент қадимдан Буюк ипак йўлидаги савдо – сотиқ, илм фан, ҳунармандчилик ва маданият тараққий этган маконлардан бири бўлган. Бўстонлиқ тумани Хўжакент яқинидаги ғордан топилган тош даврига мансуб одам суякларининг қолдиқлари ва қоялардаги суратлар бу воҳада қадимда ибтидоий одамлар яшаганлигидан далолат беради.
Тошкент вилояти 1938 йилда ташкил этилган бўлиб, Шимолий ва шимолий – ғарбдан Қозоғистон Республикаси, шимолий – шарқдан Қирғизистон Республикаси, шарқдан Наманган вилояти, жанубдан Тожикистон Республикаси билан ўзаро чегарадош.
Мазкур вилоят мамлакатимизнинг шимолий шарқида жойлашган бўлиб Республикамизнинг энг ривожланган ва тобора шиддат билан ўсиб бораётган вилоятларидан бири ҳисобланади.
Вилоят барча жабҳаларда жумладан саноат, ишлаб чиқариш технологиялари ҳамда ҳозирда тараққий этган мамлакатлар иқтисодиётида ўсишнинг муҳим йўналишларидан бири бўлган туризм соҳасида ҳам бир қанча ютуқларга эришиб, тез суратларда ривожлана бораётганини кўриш мумкин.
Тошкент вилоятининг ўзига хос табиати, жойлашуви, ўз тарихи ва бир қанча шунга ўхшаш жозибаси билан ажралиб туради.
Тошкент вилояти асосан 2 йўналишда: зиёрат ва эко туризм соҳалари бўйича ташриф буюрувчи мамлакатимизнинг ички ва ташқи меҳмонларига ўз эшикларини очади.
Вилоятда жойлашган Бўстонлиқ, Паркент, Зангиота, Ангрен, Олмалиқ туман ва шаҳарлари алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу шаҳар ва туманлар туризм йўналишида етакчиликни бермай келишмоқда.
Жумладан Паркент ва Зангиота туманлари зиёрат туризм йўналишида етакчилик қилса, Бўстонлиқ тумани ва Ангрен шаҳарлари бу икки йўналиш яъни: зиёрат ва эко туризм йўналишлари вилояти бўйича етакчиликни қўлдан бой бермай келмоқда.
Бўстонлиқ туманида «Чорвоқ эркин туристик зонаси», «Угам – чотқол миллий боғи» ва Чорвоқ сув омбори мавжуд бўлиб, бундан ташқари мазкур туманда катта ва кичиклигига кўра тўққизта табиий кўллар ҳамда баландлиги бўйича доғда қолдирувчи бир биридан гўзал ва бетакрор бўлган тоғ чўққиларини кўриш мумкин.
Паркент тумани ўзининг яшил қир — адирлари, урф – одатлари, ва қадимий қадамжолари билан ажралиб турса, Зангиота туманида жойлашган ислом тарихига эга «Зангибува» масканига ислом динига мансуб давлатлардан ташриф буюрувчи кўплаб зиёратчилар ва чет эллик меҳмонларни жалб этувчи зиёрат масканларидан бири ҳисобланади.
Айни вақтда, давлатимиз ва шахсан мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан туризм йўналишини янада ривожлантириш бўйича белгилаб берилган бир қанча чора тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан: инвесторлар учун қулай шарт шароитлар яратилганлигини инобатга олсак, ўтган мавсумда айнан Бўстонлиқ туманида бир нечта йирик лойиҳалар амалга оширилган бўлиб улар орасидан энг сараси бу шубҳасиз экстремал чанғи учиш спорт турига мўлжалланиб барпо этилган «Амирсой тоғ чанғи курорти» ҳисобланади.
Ҳозирда иккинчи босқич қурилиш жараёни кетаётган ушбу туризм объекти бутун дунё сайёҳлар эътиборида бўлиб, келгусида халқаро мусобақалар ўтказиш орқали туризм салоҳиятини янада юксалтириш кўзда тутилган.
Айнан шу сабаб йилдан йилга Тошкент вилояти маҳаллий ҳамда чет эл туристларини ўзига жалб этиб боришини, туристларнинг оқими ва салоҳияти сезиларли ортиб бораётганлигини инобатга олиб, 2019 йил 6 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПҚ–4229-сон қарорига мувофиқ Тошкент вилоят Ички ишлар бош бошқармасида Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ташкил қилиниб, танлов асосида бир нечта хорижий тилларда эркин сўзлаша оладиган ходимлар билан жамланди.
Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасининг асосий вазифалари сифатида, энг аввало, туризм объектларида жамоат тартибини сақлаш, юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатар ва таҳдидларни бартараф этиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини, шу жумладан, уларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини турли жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш белгиланган.
Шунингдек, ушбу бўлинмалар ходимлари мамлакатимизга хорижий давлатлардан ташриф буюрган расмий делегация вакилларини кутиб олиш, ташриф чоғида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва кузатиш каби муҳим вазифаларни ҳам бажариб келмоқда.
Юклатилган вазифаларни самарали бажариш учун бошқарма замонавий техника воситалари билан жиҳозланган, алоҳида белгилар ва логотиплар билан ажралиб турувчи енгил хизмат автомашиналари, патруллик хизматини олиб бориш учун мототцикл, скутер, сигвей, планшетлар билан таъминланган, шунингдек, ходимларнинг ўзига хос имижини юксалтириш учун экипировка ва ташқи кўринишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Тошкент вилояти ИИББнинг Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси сайёҳларга доимий равишда хизмат кўрсатиш, уларга ёрдам беришга шай.
Тизим ходимлари Ўзбекистонга келадиган сайёҳларнинг мамлакатимиз ҳақида гўзал хотиралар билан қайтишига барча имконият ва салоҳиятини сафарбар этишда давом этади.