Инглиз тилида онлайн форматда ташкил қилинган танловда Россия ва Беларусьлик ёшлар қаторида, Ички ишлар вазирлиги Академияси курсантлари ҳам иштирок этди
2024-03-28 08:30:00 / Янгиликлар

Яқинда Россия Федерацияси Федерал жазони ижро этиш хизмати Ҳуқуқ ва бошқарув академияси томонидан ижодий танлов ўтказилди.
Инглиз тилида онлайн форматда ташкил қилинган танловда Россия ва Беларусьлик ёшлар қаторида, Ички ишлар вазирлиги академиясида таълим олаётган курсантлар ҳам иштирок этди. Улар «English speaking countries», «English souveniers», «English for professional purposes» ҳамда «English party» шартлари бўйича беллашдилар.
Танловнинг биринчи шартида иштирокчиларга инглиз тилида сўзлашувчи давлатлар ҳақида 40 та савол йўлланди. Академиямиз курсанти Зебинисо Қаршибоева 35 та саволга тўғри жавоб бериб, якунда учинчи ўринни эгаллади.
Иккинчи шартда қўл меҳнати билан ясалган ижод намуналари тақдимот тарзида ҳавола этилди. Иқтидорли курсантларимиз Сардор Раҳимберганов, Султонбек Ўринбоев, Мустафо Муродов тайёрлаган дунёга машҳур «Биг Бен» минорасининг макети ҳакамлар томонидан энг яхши деб топилди.
Учинчи шарт видеороликлар тақдимотига бағишланди. Курсантлар ўз чиқишлари орқали инглиз тилининг касбий фаолиятдаги аҳамиятини ёритиб бердилар. Ранг-баранг чиқишларга бой ўтган ушбу шартда Муҳаммадали Тошбеков ҳавола этган видеоролик биринчи ўринга муносиб деб топилди.
Танловнинг сўнгги шартида ёшлар инглиз тилида ижро қилинган қўшиқ ва шеърлари билан иштирок этишди. Қувонарлиси, Мустафо Муродовнинг шеърий чиқиши «Энг яхши талаффуз» номинациясига лойиқ кўрилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати