Яқин тарих саҳифаларида. Букилмас ирода, собит эътиқод
2024-03-24 13:45:00 / Янгиликлар
1927 йилнинг 16 сентябрида Самарқанд вилояти Жиззах туманининг Равонлиқ қишлоғида оддий мироб оиласида ўғил фарзанд дунёга келди. Унга отасининг муродини ушалтирди, энди келгуси орзу-ниятларини ҳам рўёбга чиқарсин деган ниятда Отамурод дея исм қўйишди.
Отамуроднинг ўсмирлик палласи қирғин-барот уруш йилларига тўғри келди. Очликни ҳам, юпунликни ҳам ўз танасида синаб кўрди. Ҳамқишлоқлари орасида кунжара еб, шишиб ўлиб қолганлар ҳам бўлди. Миробнинг ўғли ўқувчилик кезлари қорни нонга тўймаса ҳам, миясини илмга тўлдириб борди. Шунинг учун бўлса керак, юқори синфларда ўқиб юрган даврида ўқитувчилар етишмаслиги сабабли бошланғич синфларга дарс ўтди.
Мактабни аъло баҳоларга битиргач, Тошкент юридик институтига ўқишга кирди. Олий ўқув юртида ҳам илм излашдан чарчамади. Малакали мутахассислар ҳамма жойга керак. Дипломли лавҳамиз қаҳрамонига Самарқанд вилояти Давлат хавфсизлиги бошқармаси талабгор бўлди. 1950—1952 йиллар давомида ушбу тизимда аввал тезкор ходим, кейинчалик терговчи лавозимларида хизмат қилгач, уни Жиззах шаҳри милиция бўлинмаси бошлиғининг ўринбосари этиб тайинлашди.
Отамурод Муҳаммадиев 1956—1970 йиллар мобайнида Ургут тумани милиция бўлинмаси, Самарқанд тумани милиция бўлими, Самарқанд вилояти ИИБ Жамоат тартибини сақлаш ва жиноят қидирув бўлимига бошчилик қилади. Шу давр ичида раҳбарлик салоҳиятини намоён этади. Энг муҳими, ички ишлар органларининг турли соҳавий хизматларининг ўзига хос жиҳатларини обдан ўрганади.
Бой тажрибага эга раҳбар сифатида Отамурод Муҳаммадиев 1970 йилда Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари, уч йилдан сўнг вилоят ИИБ раҳбари этиб тайинланди.
Янги лавозимда энг аввало соҳавий хизматларнинг ўзаро ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратди. Ҳудудий ички ишлар органларининг моддий-техник базасини такомиллаштириш чораларини кўрди. Хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамиша диққат марказида бўлди. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида бошқа ташкилотлар, кенг жамоатчилик билан ҳамкорликни йўлга қўйгани ҳам ўз самарасини берди. Олти йил давомида Сирдарё вилоятида фидойиларча хизмат қилиб, ушбу ҳудуднинг кўп миллатли аҳолисининг ишончини, ҳурматини қозонди.
1976 йилда Отамурод Муҳаммадиев криминоген вазият бирмунча оғир бўлган Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи этиб тайинланди.
Ўтган қисқа давр ичида вазиятни тубдан яхшилашга эришгани учун унга «милиция генерал майори» махсус унвони берилди.
Жумладан, Самарқанднинг сўлим гўшасида ички ишлар органлари ходимлари учун профилакторий-санаторий қурилишига бош-қош бўлди. Ҳозир вилоят ИИБ жойлашган муҳташам бино ҳам айнан шу инсоннинг саъй -ҳаракатлари билан бунёд этилган.
Генерал майор Отамурод Муҳаммадиевга юксак ишонч билдирилиб, 1983 йилда у республика Ички ишлар вазирининг ўринбосари этиб тайинланади. Янги лавозимда енг шимариб ишга киришиб кетди. Тизимдаги муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида тез-тез хизмат сафарларига чиқарди. Унинг таклифлари асосида ички ишлар органларининг фаолиятини янада такомиллаштириш, хизмат самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари кўрилди.
Ўтган асрнинг 80 йиллари ўрталарида собиқ Иттифоқ Бош прокуратураси вакиллари Т. Гдлян ва Н. Иванов бошчилигидаги «десантчилар» республикамизнинг бошқа соҳалари ходимлари қатори кўплаб ички ишлар органлари раҳбарларига ҳам зуғум ўтказишди. Ноҳақ жабрланганлар орасида генерал майор Отамурод Муҳаммадиев ҳам бор эди. 1985 йил январининг совуқ кунларидан бирида дабдурустдан уни олиб кетишди. О. Муҳаммадиевнинг ўша пайтлари Тошкент тумани прокуратурасида терговчи вазифасида ишлаган ўғли Бахтиёр Муҳаммадиев шундай хотирлайди:
«Кечқурун ишдан келсам, отамни олиб кетишганини, уйда тинтув ўтказишганини айтишди. Тинтув натижалари ҳақида ҳеч қандай ҳужжат қолдиришмабди. Фақат телефон рақами ёзиб қолдиришибди. Ўша рақамга қўнғироқ қилдим. Гуруҳ раҳбари Н. Иванов билан суҳбатимиз шундай кечди:
— Тинтув натижалари бўйича баённома нусхасини қолдирмабсизлар. Ушбу ҳужжат билан танишсам бўладими?
— Жуда ўқимишли кўринасиз.
— Қонун бузилганини билдирмоқчи, баённома билан танишмоқчи эдим.
— Бошлиғинг ҳозирда Торобовми? Сен билан кейин гаплашамиз!
Эртаси куни эрталаб мени вилоят прокуратураси кадрлар бўлими бошлиғи чақиртирди. Борсам, ўз ихтиёрим билан ишдан бўшашим тўғрисида ариза ёзиб беришим борасида топшириқ олганини айтди. Эътироз билдирганим учун вилоят прокурори вазифасини бажарувчи Ю. Торобовнинг қабулига кирдик. У ҳам Марказдан келган «десантчилар»дан бири эди.
— Отаси қамоқда ўтирган одамнинг прокуратура соҳасида ишлашга ҳаққи йўқ, — деди у.
— Отамнинг айблари ҳали исботланмаган. Шахсни суд айбли-айбсиз деб топади, — дедим.
— Кимники агар Иттифоқ Прокуратураси қамаган экан, демак у юз фоиз айбдор, — деди Торобов гапни қисқа қилиб.
Хуллас, кўпни кўрган, ўзимдан ёши катталар билан маслаҳатлашиб, ихтиёрий-мажбурий тарзда ишдан бўшадим.
Отамга қарши кўрсатма бериши учун 300 га яқин шахс терговга жалб қилинган. Улардан икки кишигина
қарши кўрсатма берган. Улардан бири ИИВ масъул раҳбарларидан эди. У «Икки марта менга пул берувди», — деган. Юзлаштирув жараёнида эса ушбу ёлғон кўрсатмасидан тонган. Кейин ўла-ўлгунча отамиздан кечирим сўраб ўтди.
Иккинчи киши эса Қашқадарё вилояти ИИБ раҳбарларидан бири бўлган. У «О. Муҳаммадиев хизмат сафари билан вилоятимизга келганида, ҳаво совиб кетди. Шу сабабли меҳмонхонада кийиб юришлари учун бир дона спорт кийими олиб келганман», — деган.
Отам 2 йилу 4 ой Москвадаги Лефортово тергов ҳибсхонасида сақланганлар. Далил-исбот етарли бўлмаганлиги сабабли терговчилар жиноят ишининг отамга тегишли қисмини ҳаракатдан тугатишга мажбур бўлишган. Содда қилиб айтганда, иш судгача етиб бормай, 1987 йилда реабилитация асосларига кўра тугатилган.
Унгача отамиз айбсиз эканлигини, ноҳақ ҳибсхонада сақланаётганлигини баён қилиб, адолат истаб собиқ Иттифоқ Бош прокуроридан ва турли юқори давлат органларигача ёзма равишда мурожаат қилганмиз. Афсуски, барча мурожаатларимизга қисқа рад жавобини олганмиз».
Ноҳақ айбланиб, икки йилдан зиёд қамоқхонада сақланганида унга нима куч берди деб ўйлайсиз? Албатта, букилмас иродаси, собит эътиқоди. Зеро, адолат барибир тантана қилишига, ҳақиқат қарор топишига қатъий ишонарди. Шу боисдан барча қийинчиликларга сабот билан бардош бериб, ўзига қўйилган асоссиз айбларни то охирги дақиқаларгача рад этди.
Отамурод Муҳаммадиев пенсияга чиққанларидан сўнг мустақиллик йилларида элимизнинг атоқли ва ардоқли фарзанди Шароф Рашидов номидаги халқаро фонд Марказий Кенгаши раисининг ўринбосари, мазкур фонднинг Бош директори вазифасида ишлади. У «Шундай ажойиб замонда чарчадим деб четга чиқсак, уят бўлади. Эл-юртимизнинг буюк келажаги йўлида ҳар биримиз қўлимиздан келганича меҳнат қилишимиз шарт. Чунки бу азиз Ватан — барчамизники», — дер эди.
«Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист» фахрий унвони соҳиби, истеъфодаги генерал майор О. Муҳаммадиев ҳаётининг сўнгги кунларига қадар Ички ишлар вазирлиги Фахрийлар кенгаши аъзоси сифатида фаолият кўрсатиб, ёш ходимларни Ватанга ва касбга садоқат руҳида тарбиялаш ишига катта ҳисса қўшди.
«Яхшидан от қолади» дейди доно халқимиз. Отамурод Муҳаммадиевни билганлар ҳали ҳам унинг номини ҳурмат-эҳтиром билан тилга олишади. У кўп йиллар мактаб ва техникумларда ёш авлодга сабоқ берган турмуш ўртоғи Кимё ая билан олти фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Ўғилларидан Бахтиёр Муҳаммадиев узоқ йиллар прокуратура органларида самарали хизмат қилиб, иззат-икром билан пенсияга чиққан. Эндиликда генерал бобосининг ишини набираси подполковник Отабек Муҳаммадиев давом эттирмоқда. У ҳозирги кунда пойтахтимиздаги Янгиҳаёт тумани ИИОФМБ бошлиғининг ўринбосари лавозимида фаолият юритяпти.
Бобомурод Тошев. «Постда»