Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Даврон Назармухамедов Навоий вилоятига ташриф буюрди
2024-03-14 16:00:00 / Янгиликлар

Ташрифнинг дастлабки кунида вазир ўринбосари Д.Назармухамедов Навоий шаҳри “Ўзбекистон” маҳалласида бўлиб маҳалла еттилигининг хизмат фаолияти билан танишди. Учрашувда уларга аҳоли гавжум ҳудудларда профилактик ишларни кучайтириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирларини мунтазам ташкил этиш лозимлиги айтилди.
Шунингдек, маҳалладаги ижтимоий ёрдамга муҳтож инсонлар, аёллар дафтарига киритилган хотин-қизларга амалий кўмак қўлини чўзиш, жиноят содир этишга мойил ва уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш қолаверса, фуқароларга муносиб яшаш шароитларини яратиш юзасидан керакли тавсиялар берилди. “Ҳуқуқ тартибот маскани”да хизмат олиб бораётган ходимлар билан учрашиб, туну кун ҳушёр ҳолда хизмат ўташ, маҳалла ички кўчаларини 24 соат давомида кузатиб туриш имконини берувчи кузатув камераларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Маҳалла ҳудудидаги кўп қаватли уйларга борилиб, уларда фуқаролар хавфсизлигини ишончли таъминлаш, фавқулодда ҳолатларда инсонларнинг мурожаат этишлари учун ташкил этилган “Ташвиш тугмаси”нинг амалиётдаги ишлаш механизми синовдан ўтказилди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати