Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов Сирдарё вилоятидаги кўзи ожизлар ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган “Нурли маскан” мактаб-интернатига ташриф буюрди
2024-03-07 14:00:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов Сирдарё вилоятидаги кўзи ожизлар ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган “Нурли маскан” мактаб-интернати билан танишиб, 8 март “Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан маскан ўқувчи қизлари, тарбиячилар ва аёл ходималари учун ташкил этилган байрам тадбирида иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари томонидан Ички ишлар вазирлигига республикамиз ҳудудида жойлашган кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларни бириктириш ва патронаж тизимини жорий этиш вазифаси юклатилган.
Ушбу вазифалардан асосий мақсад тарбияланувчиларнинг ўқиш ва яшаш шароитларини яхшилаш, махсус адабиёт ва ўқув қўлланмалари билан таъминлаш, ўқув жараёнига ахборот коммуникацион технологияларни кенг татбиқ этиш, мактаб-интернатларда паралимпия спорт турларига хос бўлган йўналишларни босқичма-босқич жорий этиш ва мусиқа санъатини ўргатиш ишларини кучайтириш ҳамда мактаб-интернатларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳисобланади. Шу билан биргаликда мактаб-интернатларида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш, нуқсонларни тузатиш, реабилитация ҳамда соғломлаштириш тадбирларини фаоллаштириш, кадрлар салоҳиятини ошириш, ўқувчиларининг жамиятдаги ижтимоий мослашувини яхшилаш каби бир қатор эзгу мақсадлар қўйилган.
Белгиланган топшириқларни ижросини таъминлаш мақсадида, Ички ишлар вазири томонидан Сирдарё вилоятида фаолият олиб бораётган “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернати билан танишилди. Маълумот ўрнида, ушбу мактаб-интернат 176 ўринли бўлиб, ўқув биноси, ошхона, ётоқхона, очиқ мини футбол майдони ҳамда спорт залидан иборат.
Мактабда яратилган шароитларни кўздан кечириш давомида у ерда таълим олаётган кўзи заиф кўрувчи болалар кутубхонаси учун махсус дарсликлар харид қилиш, ижодий ишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда тарбияланувчиларга ўқув қўлланмалари, бадиий китоб жамланмалари билан бойитиш бўйича вазифалар қўйилди.
Бу йўналишда тарбияланувчиларни таълим жараёни, ижоди, маиший ва ижтимоий ҳаёти жараёнида юзага келаётган муаммоларни бартараф қилиш эканлигини таъкидлаб ўтилди, шунингдек, ўқувчиларнинг математика, санъат ва спортга доир иқтидорларини юзага чиқариш борасидаги ишларга кўпроқ эътибор қаратиш кераклиги кўрсатилди.
Ички ишлар вазири 8 март “Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан маскан тарбияланувчилари ва аёл ходимлари учун ташкил этилган байрам табригида иштирок этиб, эзгу тилакларни билдирган ҳолда барча ўқувчи қизлар, тарбиячи ҳамда ходималарга вазирлик ҳамда вилоят ҳокимлиги номидан эсдалик совғалар улашилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан махсус таълим ва тарбия масканлари давлатимизнинг ҳуқуқ-тартибот органлари тасарруфига олиниб, доимий эътиборда бўлиши таъминланмоқда. Бу албатта доимий эътибор ва ғамхўрликдаги келажагимиз эгаларининг она Ватанга муҳаббат руҳида камол топишларига хизмат қилади.
ИИВ Ахборот хизмати