Жиноят муҳокамаси. Ҳаммасига қарз сабаб...ми?
2024-02-11 09:00:00 / Янгиликлар

Собит (исмлар ўзгартирилди) ва Обиднинг ёши ўртасида бир мучал фарқ бор. Улар Обиднинг тоғасининг тўйида танишишди. Феъли-табиати бир-бирига мос тушдими, ишқилиб, иккаласи қадрдон бўлиб қолди.
Шу орада Обид хорижга ишлагани кетди. Қайтгач, ишлаб топган маблағи эвазига уйи таъмирини бошлаш учун Собитдан маслаҳат сўради. Қиш фасли бўлгани учун таъмирни баҳорда бошлашни маслаҳат берган “ака” ундан автомашина сотиб олишга сал қийналаётганини айтиб, қарз сўради. Табиийки, Обид йўқ демади, икки ой муддатга қарз берди.
Аммо орадан ярим йил вақт ўтса ҳамки, “ака” турли баҳоналар билан қарзини қайтаришни пайсалга солди. Охир-оқибат ўртада низо келиб чиқди. Жанжал пайтида “ука” “ака”сига оғир тан жароҳати етказди...
Қарши шаҳридаги “Темирйўлчилар” маданият саройида ушбу жиноят муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокимлиги, ички ишлар бошқармаси, Қарши шаҳар секторлари раҳбар ходимлари, маҳаллалар вакиллари қатнашди.
Йиғилишда “Геолог” маҳалласида содир этилган жиноятнинг келиб чиқиш сабаб ва омиллари, ҳуқуқий оқибати ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Маҳалла фаоллари, қариндошлар ва бошқа масъулларнинг ҳолат иштирокчиларининг ҳаёти, турмуш тарзи билан қизиқмагани, лоқайдлиги жиноятни юзага келишига сабаб бўлгани танқид қилинди. Ҳолат юзасидан мутасаддилардан изоҳ сўралиб, маҳаллаларда ишни жонлантириш, хусусан,“Геолог” маҳалла фуқаролар йиғини еттилиги зиммасига келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш борасида аниқ вазифалар юкланди.
Бугун мамлакатимизда жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш, аҳолининг кундалик ҳаётидан бохабар бўлиш, ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал этиш бўйича “маҳалла еттилиги” ташаббускорлик кўрсатиши турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олишига хизмат қилиши қайд этилди.
©️ “Postda” газетаси, Содиқ Раҳимов, Қашқадарё вилояти.