Тошкент вилояти ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари ходимлари учун семинар-тренинг ўтказилмоқда
2024-01-18 18:20:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 17-22 январь кунлари Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси тизимидаги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати ходимларининг касбий билим кўникмаларини ошириш, шунингдек, фуқароларга қулай давлат хизматлари кўрсатиш орқали аҳоли ўртасида ички ишлар органлари имижини ошириш ҳамда соҳага оид фаолиятни рақамлаштириш бўйича ўқув-семинар машғулотлари ўтказилмоқда.
Семинар машғулотлари жараёнида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари доктори Р. Жабборов билан мулоқот ташкил этилиб “Фуқаролар билан муомала маданияти ва давлат хизматларини кўрсатишда шаффофлик” мавзусида машғулотлар ўтказилди ҳамда ўзаро фикр алмашилди.
Тадбир давомида айни пайтда юртбошимиз томонларидан Ички ишлар органлари фаолиятида фуқароларга хизмат кўрсатиш соҳасини рақамлаштириш жараёнлари тизимли равишда олиб борилаётгани, айниқса, аҳоли кўп мурожаат этадиган миграция йўналишида ҳам бу борада сезиларли амалий ишлар ташкил этилгани алоҳида таъкидланди. Келгусида, электрон навбатлар, масофадан туриб рўйхатдан ўтиш ёки ариза жўнатиш шунингдек, шахсни идентификацион ID-картасини олиш, чет элга чиқиш паспортларини тайёрлашда инсон омилини камайтириш борасида қилиниши зарур ишлар бўйича ходимларга маълумотлар етказилди.
Шунингдек, тадбир давомида Тошкент вилояти ИИББ раҳбарияти ҳамда фахрийлари томонидан, давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан илгари сурилаётган пировард ғоя — “Инсон қадри”ни улуғлаш, “Шахс, жамият, давлат” тамойилига амал қилиб, фуқаро манфаатларини бирламчи ўринга қўйиш, ходимларнинг хизмат вазифасини олиб бориш жараёнида фуқароларга нисбатан хушмуомалада бўлиш, очиқлик ва шаффофлик масалаларида суҳбатлар олиб борилди.
Бу каби тадбирлардан кўзланган асосий мақсад — Ички ишлар органлари ходимлари имижини ошириш, жамиятда инсон қадрини янада юксалтиришдан иборатдир.
Тошкент вилояти ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси