Яқин тарих саҳифаларидан: “Ҳақиқат эгилади, букилади, аммо...”
2024-01-18 15:30:00 / Янгиликлар

Мамлакатимиз ички ишлар органларида ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтган раҳбар ходимлар кўпчиликни ташкил этади. Улар ҳар қандай қийин, мураккаб ва зиддиятли даврларда ҳам касб машаққатларини сабр ва ишонч билан енгиб ўтганлар. Ўзларига нисбатан туҳмат ва ноҳақликлар ёғилишига қарамай, иродасини асло букмаганлар, кун келиб ҳақиқат албатта қарор топишига ишонганлар.
Ана шундай матонатли, фидойи ва ватанпарвар инсонлардан бири истеъфодаги генерал майор Талъат Субҳонович Сатторовдир.
Талъат Сатторов 1955 йил 10 сентябрда Самарқанд шаҳрида туғилди. Отаси Субҳон ота қурилиш ташкилотида раҳбарлик лавозимида ишлаган. Онаси Мунаввара ая ўқитувчи бўлган. Талъат Субҳонович ўқувчилик даврида билимга ташна, ўта тиришқоқ бўлиб, синфдошларига ўз одоби билан намуна эди. 1972 йилда у ўрта мактабни аъло баҳолар билан тугатиб, йигитлик бурчини ўтаб қайтди. Бўш вақтларида китоб ўқиш билан машғул бўлди.
Шундан сўнг Т. Сатторов ёшлар ташкилотининг йўлланмаси билан Тошкент шаҳар ИИБ Жиноят қидирув бўлимида оддий милиционер вазифасида фаолиятини бошлади. Қарийб уч йил давомида ушбу соҳанинг сир-асрорларини ўрганди.
Ниҳоят ўзи орзу қилган ИИВ Тошкент Олий мактабининг кундузги бўлимига ўқишга кириб, 1982 йил мазкур таълим муассасасини муваффақиятли тамомлади. Тошкент шаҳар ИИБ ЖҚБда, 1983 йилдан эса ИИВ Транспорт бошқармасида ва ички ишлар органларининг бошқа соҳавий хизматларида фаолиятини давом эттирди.
Гдлян бошчилигидаги тергов гуруҳи нинг сохта бўҳтонлари қаҳрамонимизни ҳам четлаб ўтмади. 1986 йил у ҳибсга олиниб, умрининг қарийб уч йилини қамоқда ўтказди. Ана шу қисқа муддат унинг учун бир асрга айланди гўё. Аммо Талъат Сатторов сабр қилди. “Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди” деб бежиз айтишмайди. Ва ниҳоят гдлянчилар томонидан тўқиб-бичилган сохта айблов иши Олий суд томонидан кўриб чиқилиб, унга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Т. Сатторовга етказилган моддий ва маънавий зарар тўлиқ ундирилиб, Олий суднинг ажрими билан у ички ишлар органларига хизматга тикланди.
Т. Сатторов мустақиллик йилларида мамлакатимиз ички ишлар органларининг турли соҳавий хизматларида самарали фаолият кўрсатиб, ўзининг чуқур билими, фидойилиги, раҳбарлик салоҳияти, ташкилотчилиги туфайли юқори лавозимларга кўтарилди. Ички ишлар органларида оддий сафдордан генерал майор унвонигача бўлган машаққатли ва шарафли йўлни босиб ўтди.
У 1995—1997 йилларда Сирдарё тумани ИИБ бошлиғи, 1997—1998 йилларда эса вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлади. Кейинчалик Бухоро, Наманган, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари ИИБ бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатди.
Ўзига ва ходимларга бирдек талабчан бўлган Талъат Сатторов раҳбар сифатида ишни шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликка риоя қилиш, ёш ходимларда касбий билим ва жисмоний ҳамда жанговар тайёргарлик ҳамда маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантириш, уларни ўқитиш ва малакасини оширишга эътибор қаратди. Бевосита унинг ташаббуси билан вилоят ички ишлар органлари ходимларининг хизмат шароитларини яхшилаш, моддий техника базасини мустаҳкамлаш ишлари изчиллик билан амалга оширилди.
2005 йилда унга кўп йиллик самарали хизмати, фидойилиги ва ташаббускорлиги учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан II даражали “Шон-шараф” ордени ва 2010 йилда “генерал майор” махсус унвони берилди. Талъат Субҳонович пенсияга чиққунга қадар она Ватанимиз ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилди.
Халқимиз учун муқаддас ва бебаҳо бўлган тинчлик-осойишталикни таъминлашда кўпни кўрган инсонлар, кекса авлод вакилларининг устозларча маслаҳат ва йўл-йўриқлари ғоят қимматлидир. Дарҳақиқат, бугунги кунда истеъфодаги генерал майор Талъат Субҳонович Сатторовнинг кўплаб шогирдлари республика ички ишлар органлари ва тизимларида турли раҳбарлик лавозимларида хизмат қилиб, юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасида бор билим ҳамда куч-ғайратини сафарбар этиб келмоқдалар.
Укаси Шавкат Сатторов ҳам унинг изидан бориб, узоқ йиллар Самарқанд вилояти ИИБ тизимида турли лавозимларда самарали хизмат қилиб,подполковник унвонида пенсияга чиққан. Ўғли Дилшод эса ҳозирда прокуратура тизимида масъул лавозимда фаолият кўрсатмоқда.
Истеъфодаги генерал-майор Талъат Сатторов эндиликда Ички ишлар вазирлиги Фахрийлар кенгашининг аъзоси сифатида ёш ходимларни касбга, она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш ишларида фаол иштирок этяпти.
Узоқ йиллар банк тизимида самарали меҳнат қилиб, ҳозирда пенсияда умргузаронлик қилаётган умр йўлдоши Роила опа билан фарзандлари ва набиралари ардоғида кексалик гаштини сурмоқда.
Бобомурод ТОШEВ. “Постда”