Асосий контентга ўтиш

Юртини қўриқлар йигитнинг марди

2024-01-14 13:00:00 / Янгиликлар

Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида туғилган Ҳамидулло профессионал ҳарбий хизматчи бўлиш мақсадида Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртида таҳсил олди. Ёш офицер дастлаб 64505-ҳарбий қисмда қўриқлаш взводи командирининг ўринбосари лавозимида хизмат фаолиятини бошлади. Бу ерда устози, подполковник Ҳусан Қориевдан соҳа сирларини қунт билан ўрганди. Шунингдек, зиммасидаги вазифаларни бажаришда, буйруқ ва кўрсатма талабларига риоя этишда сафдошларига ўрнак бўлди. Касбига меҳр, бурчига садоқати туфайли кўп ўтмай ижобий ютуқларга эришди.

Ўзига хос тажриба ва маҳоратга эга бўлган катта лейтенант Ҳамидулло Султонов кейинчалик ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш бўйича қўшинларига қарашли ҳарбий қисмларда қўриқлаш взводи командири, штаб катта офицери лавозимларида самарали хизмат қилди.

Айни кунда у ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинларига қарашли 7260-ҳарбий қисмда штаб бошлиғининг ўринбосари лавозимида хизматни давом эттирмоқда.

Лавҳамиз қаҳрамони ҳарбий қисмнинг тажрибали мураббийларидан бири сифатида кичик сержантлар Зухриддин Зарипов, Азамат Матниёзов, Бахтиёр Назариев, ИИИ даражали сержант Қайрулло Артиқов сингари кўплаб ҳарбий хизматчиларга устозлик қилмоқда.

Ҳар бир оила соғлом муҳит, меҳр ва эътибор туфайли бахтли кошонага айланади. Бунда оилада фарзандлар комил инсон бўлиб вояга етади. Ҳамидулло ҳам турмуш ўртоғи Лайлохон билан тинч-тотув ҳаёт кечириб, фарзандлари Малика, Темурбек ҳамда Солиҳани чинакам етук инсонлар этиб тарбиялашга астойдил ҳаракат қилишяпти.

Майор Ҳамидулло Султонов ҳарбий хизматчилар ўртасида ўтказилган интенсив синовлардан муваффақиятли ўтиб, “Довюрак жангчи” нишони билан тақдирланган.

Худойберган ЖАББОРОВ, ўз мухбиримиз.

Хоразм вилояти.

51

Охирги янгиланиш: 2024-01-14 12:46:45

Юртини қўриқлар йигитнинг марди