Тошкент вилояти ИИББда экспертлар учун навбатдаги ўқув семинари ташкил этилди
2023-12-20 11:25:00 / Янгиликлар
Тошкент вилояти ИИББ Эксперт-криминалистика маркази мутахассислари томонидан шаҳар-туман ИИБ эксперт-криминалистика хизматларида иш бошлаган ходимлар учун, “Ҳодиса жойини кўздан кечириш тартиби, ашёвий далилларни олиш, қайд этиш, қадоқлаш” мавзусида ўқув-амалий семинари ташкил этилди.
Ўқув машғулоти давомида, соҳага янги кирган ходимларга, ҳодиса жойини қайд этиш (баённома тузиш, фотосурат ва видеотасвирга олиш тартиби) қоидалари, жараёнда қўлланиладиган илмий-техник воситалар, ҳодиса жойида кўп учрайдиган излар билан ишлаш, жиноят ҳодисаси ва жиноятчи тўғрисидаги маълумотларни тўплаш мақсадида изларни дастлабки тадқиқотдан ўтказиш жараёнлари намунавий мисоллар ёрдамида тушунтирилди.
Шунингдек, ходимларга Марказ томонидан ўтказиб келинаётган экспертиза турлари, уларни ўтказиш тартиби ҳақида батафсил маълумот ва тушунчалар берилди.
Ўқув жараёнлари якунига кўра ходимларга махсус сертификатлар топширилиб, ҳудудлар бўйича хизматга йўналтириш режалаштирилган.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати