Огоҳлик — давр талаби. Ўзингга эҳтиёт бўл
2025-03-17 23:00:00 / Янгиликлар

Жарроҳ қўлидаги тиғ беморни ҳаётга қайтаради, жиноятчининг қўлидагиси инсон умрига зомин бўлади. Олов совқотган одамни иситса, кўпи куйдиради.
Уммон ғарқ қилса, сувсизлик қақратади. Интернет ижтимоий тармоғи ҳам шундай. Агар меъёрда, самарали фойдаланилса, у донолар учун — билим, нодонлар учун — бало манбаи.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари асосан тан жароҳати етказиш, ўғрилик ёки фирибгарлик каби жиноятлар билан тўқнаш келишади. Бугун эса кўп ҳолларда ахборот технологиялари ёрдамида содир этилаётган жиноятларга дуч келяпмиз.
Статистик маълумотларга кўра, биргина Тошкент шаҳрида 2020 йили ахборот технологиялари соҳасида қайд этилган жиноятлар 106 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу турдаги жиноятлар 2281 тани, 2022 йилда эса икки бараварга кўпайиб, 4332 тага етган.
Ўтган йили ахборот технологиялари соҳасига доир жиноят ва ҳуқуқбузарликлар юзасидан 21362 та мурожаат келиб тушган.
Ташвишлиси, бу турдаги жиноятлар, биринчидан, ҳудуд, чегара ва макон танламайди.
Иккинчидан, биргина ҳаракат билан бир неча фуқарога моддий зарар етказиши мумкин.
Учинчидан, жиноятлар юқори технологияли, модификация қилинган дастурлардан фойдаланган ҳолда содир этилади.
Мисол учун, Т. исмли дастурчи йигит билан тезкор суриштирув ишлари олиб борилганида, у 100-150 минг сўм эвазига мобил қурилмаларнинг IMEI кодини ўзгартириш билан шуғуллангани маълум бўлган.
Бундан ташқари, у бозор нархи 3 миллион сўм бўлган мобил қурилмани 1 миллион сўмга сотиб олиб, IMEI кодини ўзгартирган ва 2 миллион 500 минг сўмга сотиб юборган.
Мобил қурилманинг IMEI кодларини ўзгартириш билан шуғулланувчи «дастурчи»лар халқ тилида «чейнджер»лар дейилади. Уларнинг арзимаган ҳақ эвазига бу иш билан шуғулланиши турли йўллар билан қўлга киритилган уяли алоқа воситаларининг изсиз йўқолишига, жабрланган шахсларнинг мулки топилмаслигига сабаб бўлади.
Ҳозирда Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида кибержиноятчиликка қарши курашиш борасида кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, интернет тармоқларини мониторинг қилиш давомида бошқармамиз томонидан гиёҳвандлик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи воситалар савдоси бўйича 91 та, порнография бўйича 24 та, шафқатсизлик ва зўравонлик билан боғлиқ ҳолатлар бўйича 18 та, қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни тарғиб (реклама) қилиш бўйича 32 та турли канал ва сайтлар аниқланиб, блокланди.
Шунга қарамасдан, бу турдаги жиноятларнинг салмоғи юқорилигича қолмоқда.
Бугунги шиддаткор замонда огоҳлик — давр талаби. Қолаверса, халқимизда «Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма» ҳикмати бежиз айтилмаган.
Ҳар биримиз шахсий масъулиятни ҳис қилиб, интернетдан оқилона фойдаланишимиз шарт.
Зеро, бунда ҳимояланишнинг асосий йўли — ҳушёрлик ва ахборот хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилишдир.
©️ “Postda” газетаси, Жаҳонгир Саъдуллаев, Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасида жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, майор.