Янги Ўзбекистон — Янги ички ишлар органлари. Мотопатруллар: тезкор ва қулай
2025-03-10 23:00:00 / Янгиликлар

Шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги даврда ички ишлар органлари фаолияти замон талабларига мос ҳолда такомиллашиб бормоқда.
Хусусан, жамоат тартибини сақлашга бевосита масъул бўлган патруль-пост хизматини сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтариш мақсадида ҳар томонлама қулай ва тезкор замонавий транспорт воситаларидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилмоқда.
Айни кунларда Фарғона ҳамда Марғилон шаҳарлари кўчаларида мотоскутер бошқариб юрган ходимларга кўзингиз тушади. «Хавфсиз шаҳар», «Хавфсиз маҳалла» тамойиллари асосида жамоат тартибини сақлашда мотопатруллар фаолияти йўлга қўйилгач, қисқа даврда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликни жиловлашда вазият ижобий томонга ўзгармоқда.
Мотопатрул гуруҳларига 26 нафар ходим жалб этилган бўлиб, уларга замонавий мотоскутерлар бириктирилган, — дейди вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ патруль-пост батальони отряд командири ўринбосари, капитан Маҳмуджон Тожалиев. — Улар 6 та йўналишда энг гавжум кўчалар, автопатруллар юриши имкони бўлмаган кўп қаватли уйлар орасида хизмат олиб боради. Замонавий скутерлар воқеа жойларига тезкорлик билан етиб бориш ва ҳудудларни айланишда жуда қўл келяпти.
Фарғона шаҳрининг «Шакарқишлоқ», «Янгисой», Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий номли маҳаллаларида хизмат олиб бораётган мотопатруллар воқеа жойига ўз вақтида етиб бориб, қатор жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга эришдилар.
Мотопатрул ходимлари кўп қаватли уйлар орасида айланиб юрганида, башарти бирор жиноят ёки тартиббузарликка рўпара келишса, тезда вазиятни назоратга олиб, алоқа воситалари орқали автопатрулларга хабар бермоқдалар. Натижада содир бўлиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олди олиняпти.
Ҳудудимиз асосан кўп қаватли уйлардан иборат, Фарғона шаҳрининг энг гавжум йўналиши саналади, — дейди сафдор Аҳлиёр Толипов. — Ҳар куни хизмат жараёнида 20 тадан ортиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаб, тегишли тартибда чоралар кўряпмиз.
Кўчаларда айланиб юрарканмиз, фуқаролар бизга ишонч билан қараб турганига гувоҳ бўламиз. Болакайлар ҳавас қилиб, қўлларини силкитадилар, нуронийлар дуо қилишади.
Шундай паллада эл-юртга нафимиз тегаётганидан, халқимиз ишончини оқлаётганимиздан фахрланиб кетамиз.
©️ “Postda” газетаси, Абдувосит Сидиқов, Фарғона вилояти.