Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида “8 март Халқаро хотин-қизлар куни“ муносабати билан соҳада фаолият кўрсатувчи аёл ходималар учун тантанали байрам тадбири ташкил этилди
2025-01-08 15:25:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш, жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналишига айланган.
Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистонни бунёдкори бўлган ёш авлодни тарбиялашда, авваламбор, зукко ва меҳрибон аёлларимизга, уларнинг буюк мураббийлик фазилатларига таянмоқдамиз.
Шундай экан, Ички ишлар органларида йигитлар билан бир сафда халқ манфаатлари йўлида садоқат билан хизмат қилаётган фидойи аёлларнинг ҳам ўрни беқиёс.
Айниқса, профилактика, миграция, тергов, жиноят-қидирув, йўл ҳаракати хавфсизлиги, тиббий хизмат кўрсатиш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича хизмат ва йўналишларда раҳбар аёллар сони кўпайиб бораётганлиги эътирофга сазовор.
Тантанали байрам тадбирида Ички ишлар вазири генерал-майор Азиз Ташпулатов ички ишлар органлари тизимида матонат билан хизмат қилиб келаётган, турли соҳаларда елкадош бўлаётган барча хотин қизларни байрам билан самимий муборакбод этиб, бир гуруҳ ходималарга мукофотлар ва махсус унвонлар топширди.
Айём муносабати билан Ички ишлар вазирлиги тизимида меҳнат қилиб келаётган, ўз соҳасининг чинакам жонкуярлари мунис ва дилбар хотин-қизларга эҳтиром кўрсатилди.
Тадбир давомида Ички ишлар вазирлиги қошидаги ашула ва рақс ансамблининг хонандалари ўзларининг бетакрор қўшиқ ва рақслари билан иштирокчиларга байрамона кайфиятини улашдилар.