Қўшқанотлар. «Бир олманинг икки юзи»
2025-03-06 13:20:00 / Янгиликлар

Тоғасининг ўғли, майор Ўктам Хайруллаевга ҳавас қилган Меҳрибон келажакда ички ишлар органи ходими бўлишни кўнглига тугди. Шу мақсадда ИИВ Академиясига ўқишга кириб, тақдирни кўрингки, шу ерда бўлажак турмуш ўртоғи билан яқиндан танишиб, қалб ришталарини боғлади. Келажакда оила қуриб, юрт осойишталиги йўлида бир тану бир жон бўлиб хизмат қилишга аҳд қилишди.
Орадан йиллар ўтди. Таълим муассасасини муваффақиятли тамомлаган икки ёш оила қуришди. Оила бошлиғи Меҳрибон илк хизмат фаолиятини Ангрен шаҳар ИИБ ЭКГ эксперти лавозимида бошлади. Устози, ҳозирда истеъфодаги подполковник Сардор Шокировдан хизмат сирларини ўрганиб, маҳоратини ошира борди.
Ҳозирги пайтда Бекобод тумани ИИБ ЖҚБ тезкор вакили лавозимида фаолият олиб бораётган катта лейтенант М.Турсунмуродов спортнинг енгил атлетика ва қўл жанги турларидан ташқари, стол тенниси билан ҳам шуғулланади. Шунингдек, хизматдан бўш пайтларида бадиий асарларни мутолаа қилади.
Оила бекаси, катта лейтенант Нодира Бобожонова эса тўйдан кейин турмуш ўртоғи билан бир жойда, яъни Бекобод тумани ИИБда вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор сифатида хизматни давом эттирди. Устозлари кўмагида амалий тажриба ва кўникма орттириб, жамоада ўз ўрнини топди. Ҳозирда туғруқ таътилида бўлишига қарамасдан, ўз касбининг масъулиятини бир зум бўлсада, унутгани йўқ.
- Отам, майор Муҳиддин Қоржовов кўп йиллардан бери ички ишлар органларида фаолият олиб боради, — дейди Нодира. -У киши кўрсатган йўл-йўриқлар хизматда доим асқатди. Бунинг устига, турмуш ўртоғим билан бирга соҳа вакили бўлганимиз менга янада куч бағишлайди.
Меҳрибон Турсунмуродов ҳам рафиқасининг бу фикрини шундай тасдиқлади:
- Эр-хотиннинг бир соҳада хизмат қилиши бир-бирини яхшироқ тушуниш имконини беради. Шу сабабли оилада ҳам ўзаро ҳурмат-иззат ҳукмрон бўлади.
Ҳозирда Муҳаммадисо исмли фарзандини камолга етказаётган осойишталик посбонлари бир касб эгалари бўлиб, элга нафи тегаётганларидан бениҳоя бахтиёрлар.
Михли Сафаров, ўз мухбиримиз. «Постда»
Тошкент вилояти