Маҳалла тинч — юрт тинч. «Қизил» ҳудудларда профилактика
2025-03-05 23:00:00 / Янгиликлар

Музработ туманида 37 та маҳалла мавжуд бўлиб, улар-нинг 12 таси «яшил», 20 таси «сариқ» ва қолган 5 таси «қизил» тоифага киритилган. Эндиликда туманда жиноятчиликни камайтириш учун «сариқ» тоифадаги маҳаллаларни «яшил»га айлантириш чораларини кўриш билан бирга, «қизил» тоифадаги ҳудудларда ҳам профилактик тадбирлар олиб борилаётир.
Жумладан, тумандаги «Дўстлик», «Олмазор», «Дуоба», «Шаффоф» ва «Музработ дарвоза» маҳаллалари «қизил» тоифага киритилган. Ушбу ҳудудларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш учун ҳамкорликдаги мутасадди ходимлар туну кун хизмат қилишмоқда.
Маҳаллаларда ижтимоий профилактикани тизимли йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилаяпти, — дейди туман ИИБ ЖТСГ катта инспектори, капитан Қаҳрамон Мўминов. — Мисол учун, туманнинг «Шаффоф» маҳалласида тунги ўрганишлар олиб борилди.
Маҳалла ҳудудидаги кўчаларни ёритиш чироқлари билан таъминлаш, аҳоли тураржойлари ва савдо нуқта-ларига камералар ўрнатиш чоралари кўрилди.
Аниқланган камчиликлар бўйича «маҳалла еттилиги»га вазифалар юклатилди. Маҳаллада «Намунали хавфсиз кўча» ва «Намунали хавфсиз йўлак»лар ташкил этилмоқда.
Бундан ташқари, «Шаффоф» маҳалласи ҳудудига шахсни таниб олувчи ва автотранспорт воситаларининг рақамини идентификация қилувчи 4 та махсус камера ўрнатилди. Аҳоли яшаш хонадонларига эса фавқулодда ҳолатда хабар бериш учун мўлжалланган «SOS» тугмалари ўрнатилмоқда.
«Қизил» тоифадаги ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишга мойиллиги бор ёки бундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган шахслар билан индивидуал тарзда суҳбатлар олиб борилаётир.
Жараёнда фуқароларнинг муаммолари аниқланиб, улар бўйича маҳалла фаолларига профилактика инспекторлари томонидан 47 та хулоса берилди.
Хусусан, низоли оилаларни яраштириш, ишсизларни иш билан таъминлаш, ўқув курсларига жалб қилиш чоралари кўриляпти.
Шунингдек, профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этиш ва жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган шахсларнинг ижтимоий-маиший муаммолари ҳам жойларда ўрганилиб, бартараф этилмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Феруза Раҳмонқулова, Сурхондарё вилояти.