Асосий контентга ўтиш

Қарор ва ижро. Осойишталикка замин хозирлаш

2025-03-05 08:20:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 январдаги «2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилояти ички ишлар орган-лари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Қарши шаҳридаги «қизил» тоифага мансуб «Чўлқувар» маҳалласида «Йўл харитаси» асосида ижтимоий профилактика тизими йўлга қўйилиб, ҳудуддаги таълим муассасалари, кўчалар, шунингдек, жиноят содир этилиши эҳтимоли юқори бўлган жойларда видеокузатув камералари ўрнатилмоқда. Кўнгилочар масканлар, тунги клублар атрофидаги видеокамераларнинг иш ҳолати кўздан кечирилди. Бу жараёнда ўрнатилган видеокузатув камераларини маҳалла таянч пункти ва Ички ишлар бошқармаси вазиятлар марказига интеграция қилиш чоралари ҳам кўрилди.

Маҳаллада жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида марказий автомобиль қатнов йўли ёқасига «SOS» тезкор чақирув тугмаси ўрнатилди.

Бундан ташқари, айни пайтда аҳоли хонадонлари қўриқловини қўриқлаш пультига улаш юзасидан тарғибот ишлари олиб борилиб, кўп қаватли уйларнинг кириш йўлакларига ташвиш тугмалари қўйилди.

Қарор ижроси доирасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Содиқ РАҲИМОВ, ўз мухбиримиз.
Қашқадарё вилояти.

43

Охирги янгиланиш: 2025-03-05 08:24:06

Қарор ва ижро. Осойишталикка замин хозирлаш